1

Заҳириддин Муҳаммад Бобур қаламига мансуб «Мубаййин» асари қўлёзмасининг фотонусхаси Ўзбекистонга топширилди

МАДАНИЯТ 25.05.2021, 23:02
Заҳириддин Муҳаммад Бобур қаламига мансуб «Мубаййин» асари қўлёзмасининг фотонусхаси Ўзбекистонга топширилди

Ўзбекистоннинг Эрондаги элчихонасига Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг «Мубаййин» асари қўлёзмасининг фотонусхаси топширилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА.

Китоб нусхаси Эрон форс тили ва адабиёти академияси раисининг ўринбосари Муҳаммад Ризо Носсирий томонидан ўзбек дипломатларига тақдим этилди.

«Мубаййин» - фалсафий-диний мавзудаги асар бўлиб, унда Бобур Мирзо ислом динининг беш рукнини ҳанафий мазҳаби асослари доирасида қандай тўғри бажарилишини баён қилган. Қўлёзма эски ўзбек тилидаги энг гўзал ҳаттотлик йўналишларидан бири - насталиқ хатида кўчирилган. Шунингдек, у форс тилига таржима билан таъминланган. Маълумотларга кўра, ушбу қўлёзма бундан 400 йил аввал Ҳиндистонда қоғозга туширилган. «Мубаййин» қўлёзма нусхаси Эрон ҳудудига Кашмир орқали олиб келинган.  Китоб сўнгги 120 йилдан ортиқ вақт давомида “Гулистон” саройи музейи коллекциясида сақланмоқда.

Қайд этиш керакки, “Мубаййин” асари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистонга оид хориждаги маданий бойликларни тадқиқ этиш маркази томонидан мамлакатимиз билан боғлиқ хорижий қўлёзмалар рўйхатига киритилган.

Давлатимиз раҳбари ўзбек халқининг тарихий ва маданий мероси намуналарини Ватанга қайтариш ҳақида топшириқ берган эди. Мамлакатимизнинг хориждаги дипломатия ваколатхоналари мазкур марказ билан ушбу йўналишда яқин ҳамкорлик қилмоқда.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1