Ижтимоий тармоқларда куни кеча юртимизнинг Сурхондарё, Андижон ва Фарғона ҳудудлари тунги осмонида ёрқин жисмнинг пайдо бўлгани ҳақида видеолар тарқалди.
ЎзР ФА Астрономия институтининг мутахассис Камолиддин Эргашевнинг маълум қилишича, тунги осмонида ёрқин жисм қисқа муддатли ҳаракати кузатилган.
"Тарқалган видео-материаллардан кўринадики ушбу жисмнинг ҳаракат тезлиги квазичизиқли, бўлинишларсиз ва ёрқинлик ўзгариши эса портловчан эмас, флуктацияланмаган, ортидан плазмали ёрқин из кузатилмаган. Ушбу жисмнинг ҳаракати ва ёрқинлиги метеор ёки болиднинг атмосферага киришидан тубдан фарқ қилади. Хулоса қилиб айтганда, ушбу жисмни метеор ёки болид деб айтишга асос йўқ ва у катта эҳтимол билан астрономик жисм эмас", – дейди Камолиддин Эргашев






