Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги илмий фаолиятга оид давлат дастурлари доирасида амалий ҳамда инновацион лойиҳалар танловининг 47-турини қуйидаги фан йўналишлари бўйича эълон қилади:
- Ахборотлаштириш ва ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш фанлари
- Филология, психология ва педагогика фанлари
- Ижтимоий фанлар
- Иқтисодиёт ва ҳуқуқ фанлари
- Кимё фанлари, кимёвий технологиялар ва нанотехнология
- Ўрмон хўжалиги фанлари
- Қишлоқ хўжалиги ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш фанлари
- Тарих ва археология фанлари
- Техника фанлари
- Тиббиёт фанлари
- Ер тўғрисидаги фанлар
Мазкур танлов Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Илмий-тадқиқот ва инновацион фаолиятни ривожлантиришнинг норматив-ҳуқуқий базасини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2020 йил 9 мартдаги 133-сон қарорида белгиланган талабларга мувофиқ ўтказилади.
Танловга тақдим этиладиган илмий лойиҳалар grant.mininnovation.uz электрон платформасининг “Танловга илмий лойиҳа тақдим этиш” саҳифаси орқали 2021 йилнинг 2 августига қадар фақат электрон шаклда қабул қилинади.
Илмий лойиҳа ҳужжатларини grant.mininnovation.uz электрон платформаси орқали рўйхатдан ўтказиш жараёнида қуйидаги ҳужжатлар асл нусхаларининг pdf/doc шакли электрон платформага юкланиши лозим:
- ижрочи ташкилотнинг раҳбари томонидан имзоланган йўлланма хат (pdf);
- ижрочи ташкилотнинг илмий (илмий-техник) кенгаши қароридан кўчирма (.pdf);
- амалий ёки инновацион лойиҳа матни (имзо ва муҳр қўйилган ҳолда, pdf ва doc/docx).
Тақдим этилган лойиҳалар танлов талабларига қатъий риоя қилинганлиги, лойиҳа материалларининг ишончлилиги ва ҳаққонийлиги, кўчирмачиликка (плагиатга) йўл қўйилмаганлиги, талаблар асосида шакллантирилганлиги, шунингдек лойиҳа якунида қўлга киритиладиган муҳим илмий натижаларнинг тадқиқот дизайнига мувофиқ тўлиқ асосланганлиги ва сўралган маблағларнинг танлов шартларида келтирилган молиялаштириш ҳажмига мувофиқ тўғри ҳисоб-китоб қилинганлиги бўйича дастлабки техник экспертизадан ўтказилади.
Электрон рўйхатдан ҳамда дастлабки техник экспертизадан ўтмаган лойиҳалар танловнинг кейинги босқичига тавсия этилмайди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 18 июлдаги ПҚ-3855-сон қарорига мувофиқ, илмий фаолиятга оид давлат дастурлари доирасида бажарилган амалий ва инновацион тадқиқотлар натижалари улар якунланганидан сўнг тўлиқ тижоратлаштирилиши шарт.
Тақдим этилган лойиҳалардаги маълумотларнинг ҳаққонийлиги ва ишончлилиги ҳамда танлов ғолиблари томонидан илмий лойиҳаларнинг натижадорлиги, тижоратлаштириш даражаси, танлов дастурлари вазифаларида белгиланган, кутилаётган натижаларни тўла ва ўз вақтида сифатли бажарилишига илмий лойиҳа раҳбарлари, илмий лойиҳани бажарувчи ташкилот раҳбарлари ва тегишли юқори турувчи ташкилотларнинг масъул ходимлари жавобгар ҳисобланадилар.