Ўқувчи ёшларнинг ёзги таътил даврида бўш вақтини мазмунли ўтказишини таъминлаш, уларнинг маънавий-маърифий билимларни эгаллаши билан бирга шарафли касб эгалари бўлмиш ҳарбий хизматчиларнинг жанговар тайёргарлик машғулотларида бирга иштирок этиши, миллий ўйинлар ва соғломлаштирувчи ҳамда маданий тадбирларда ҳам маънан, ҳам жисмонан тобланишини таъминлаш мақсадида Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонлиги ташаббуси билан Нукус гарнизонида “Саҳро юлдузлари” номли ҳарбий-ватанпварлик кундузги оромгоҳи ўз фаолиятини бошлади. Бу ҳақда Шимоли-ғарбий ҳарбий округ матбуот хизмати хабар берди.
“Ёшлар ойлиги” доирасида Нукус гарнизони Маънавият ва маърифат маркази қошида фаолиятини бошлаган оромгоҳнинг биринчи босқичида ҳарбий шаҳарча ҳудудидаги 44-сон умумтаълим мактабининг 200 нафарга яқин ёшлари иштирок этиш истагини билдирди. Бу ерда ўқувчилар эрталабдан то тушликгача дарсларда иштирок этишади. Тушликни уйда қилиб, бир неча соат дам олгандан сўнг режанинг маданий қисмидаги тадбирларда қатнашади.
Болаларнинг ўқишдан ташқари вақтини сермазмун ўтказиш, уларнинг ҳам жисмоний, ҳам руҳий жиҳатдан ҳордиқ чиқаришларини таъминлаш, улар онгига миллий ғояни, ватанпарварлик туйғуларини ҳамда миллий ва умуминсоний қадриятларни сингдириш орқали ҳар томонлама баркамол авлодни вояга етказишни мақсад қилган ҳарбий округ қўмондонлиги болаларга мароқли дам ва унунтилмас хотираларни таъминлаб бермоқда.

Кундузги оромгоҳнинг очилиш маросимида Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони полковник Фарҳоджон Шерматов ёшларни ҳарбий даргоҳда қутлаб, болалар ва ёшлар учун яратилаётган бу каби шароитлар Президентимиз томонидан илгари сурилган бешта муҳим ташаббус ҳамда мамлакатимизда ёшларга бўлган эътиьборнинг намунаси эканини эътироф этди.
Шундан кейин оромгоҳ ёшлари учун илк машғулот, яъни маънавий-маърифий тайёргарлик дарси ўтказилди. Дарс жараёни давомида ўсиб келаётган ёш авлод вакилларини ўқиб изланишга, ўз устида ишлашга, бугун ёшларимиз учун берилаётган кўплаб имкониятлардан унумли фойдаланишга чорловчи мотивацион видеоролик намойиш этилди. Ёшларнинг бугунимиз ва келажагимиз учун дахлдорлик ҳисси билан яшашга, касб-ҳунар ўрганиш ва таълим олишга даъват этувчи маърузалар тингланди.
Буюк давлатчиликка асос солган Соҳибқирон Амир Темур бобомизнинг ҳарбий юришлари, бизга қолдирган бой маънавий ва маданий мероси, адолатга таянган ҳолда ҳукмронлик қилиш сирлари ҳақида Ўзбекистон тарихи фанидан ўтказилган дарс жараёнида ўқувчилар фаоллигини намойиш этишди.
Ҳарбий қисм кутубхонасида ўтказилган китобхонлик кечаси болаларни илм олишга, сеҳрли адабиёт оламига саёҳат қилишга ундаб, китобларга меҳр қўйишни ўргатди.
Таъкидлаш жоизки, бундай оромгоҳ ҳарбий шаҳарча ҳудудидаги мактаб болалари учун янгилик бўлиб, болаларга бу йил ёзги таътилнинг ўзгача ўтишини таъминлашга хизмат қилади.

Оромгоҳда ёшлар пневматик милтиқдан ўқ отиш, саф, тактик, муҳандислик, чавандозлик, тоғ ва тиббий тайёргарликлар, топография каби ҳарбий фанлардан малакали офицер ва сержантлар кўмагида бошланғич ҳарбий тайёргарлик ҳақида билимларини бойитиш имконига эга бўлмоқда.
Интернет глобал тармоғидан унумли фойдаланиш, шахмат-шашка ўйнашни ҳам болалар оромгоҳда ўрганиши учун барча қулайликлар муҳайё этилган.
Ҳарбий оркестр кўмаги билан оромгоҳдаги болалар чолғу асбобларини чалиш, мусиқа санъатидан бохабар бўлиши учун ҳам қулайликлар бор.
Ҳарбий психолог томонидан ўтказилаётган психологик тренингларда руҳиятни бошқариш, балоғатга етаётган ўсмирлар характеридаги ўзгаришларни бошқариш, жамоа бўлиб жипслашиш каби сабоқлар берилмоқда.
Болаларнинг дам олиши ва соғломлаштирилишини ташкил этиш мақсадида ҳар эрта тонг мусиқа садолари остида аэробика ва умумривожлантирувчи бадантарбия машқларидан бошланади. Шунингдек, болалар ўртасида соғлом турмуш тарзига амал қилишни тарғиб этиш мақсадида турли спорт мусобақалари ҳам ҳарбий-ватанпарварлик оромгоҳининг режасидан жой олган. Қолаверса, болалар бу ердаги спорт мажмуасида фитнес, оғир ва енгил атлетика, миллий кураш, бокс, шарқ яккакурашлари ҳамда стол тенниси билан ҳам шуғулланиши назарда тутилган.
Кечки дам олиш дастурларидан ватанпарварлик руҳидаги миллий кино томошалари, гулхан атрофидаги концерт томошалари, Қорақалпоқ давлат ёш томошабинлар театри актёрлари томонидан саҳна кўринишларининг намойиши ҳамда миллий ўйинлар ўрин олиб, болаларнинг ижодга, санъатга меҳрини оширишга хизмат қилади.
Ҳарбий-ватанпарварлик оромгоҳининг самарали фаолияти учун Нукус гарнизони Маънавият ва маърифат маркази ҳамда ҳарбий қисмларнинг ўқув-моддий базаларидан кенг фойдаланиш йўлга қўйилган.





