144 нафар фарғоналиклар Ташқи меҳнат миграцияси вилоят филиали кўмагида Россияга ишга жўнаб кетишди. Бу ҳақда Фарғона вилояти ҳокимлиги хабар берди.
Республикамизда илк маротаба Фарғонада вилоят ҳокимлиги ҳамда Ташқи меҳнат миграцияси Фарғона филиали ҳамкорлигида Россия давлатининг Пермь ўлкасида ишлаш истагини билдирган 144 нафар фуқарога амалий кўмак кўрсатилди.
“РЕСУРС+” қурилиш компаниясидаги бўш иш ўринларига танлов эълон қилиниб, суҳбат асосида ундан муваффақиятли ўтганлар билан Россия Федерациясида вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш бўйича шартномалар тузилди.
Бугун, 2 июнь санасида “Фарғона” халқаро аэропортидан мигрантлар A320 Ural Airlines лайнерида соат кундузги 13:35 да Пермь ўлкасига жўнаб кетишди.
– Мен Ёзёвон туманида истиқомат қиламан. “Ишга марҳамат” мономарказида ўқиб, сертификат олдим. Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида қурилиш ишларида қатнашганман. Энди Россияга кетяпмиз. У ерда бизнинг ҳужжатларимиз тайёрланишида, ётоқхона ва озиқ-овқат билан таъминланишимизда қабул қилувчи қурилиш компанияси ёрдам берадиган бўлди, - дейди Бахтиёр Тожибоев.