Ўзбекистон Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси томонидан Ташқи ишлар вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағаликни қисқартириш вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ва Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар кенгаши билан ҳамкорликда жорий йилнинг 2 июнь куни мўлжалланган “Оролбўйи минтақаси экологик инновациялар ва технологиялар ҳудудига айланади” мавзусидаги медиа-тур иштирокчилари Мўйноқ шаҳрига етиб келди.

Маълумки, жорий йил 18 май куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси 75-сессиясининг навбатдаги ялпи мажлисида Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудудига айлантириш тўғрисидаги резолюция қабул қилинган.

Ушбу ҳужжатда Оролбўйи табиатини тиклаш ва яхшилаш, табиий ресурсларни сақлаш, аҳоли фаровонлигини ошириш, минтақадаги экологик инқироз оқибатларини бартараф этиш, вазиятни барқарорлаштириш бўйича қўшма чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича ҳамкорликни фаоллаштириш, бу йўналишдаги илмий тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилади.

Медиа-тур иштирокчилари сўнгги йилларда Орлолбўйи минтақасида, хусусан Мўйноқ шаҳрида юз бераётган ўзгаришлар билан яқиндан танишишлари кутилмоқда.

Медиа-тур Мўйноқ шаҳридаги “Орол денгизи тарихи музейи”га ташрифдан бошланди. Музейда Орол денгизининг ўтмиши, у мавж уриб турган даврга оид қимматли экспонатлар, фотосуратлар, ҳужжатлар билан танишиш мумкин.
Медиа-тур иштирокчиларига Орол фожиасига бағишланган ҳужжатли фильм намойиш этилди.






