Ўзбекистоннинг Бельгиядаги элчихонаси вакиллари Нидерландиянинг «QTI Services B.V» компаниясининг Роттердам шаҳрида озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича ташкил қилинган биокимёвий лабораториясининг очилиш маросими доирасида «Agri food NL LTD» компанияси директори Тоерижалаи Аҳмади, «Afghan Dutch BV» компанияси бош директори Хотак Манан ва «Parfum Worldwide» компанияси директори Ваҳид Атмар билан музокаралар ўтказди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА.
Бўлиб ўтган учрашувлар чоғида хорижий инвесторларга мамлакатимизда яратилган қулай инвестиция муҳити, тадбиркорларга берилаётган кенг имкониятлар ҳамда яқинда Европа Иттифоқига миллий маҳсулотларни олиб киришда янги имтиёзлар олишга эришилганлиги хусусидаги маълумот тақдим этилди.
Нидерландиялик ҳамкорлар Ўзбекистонда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ўзгаришларни диққат билан кузатиб боришини маълум қилар экан, мамлакатимизда қўлга киритилаётган кенг қамровли муваффақиятлар сабаби бевосита республика раҳбари раҳнамолигида сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ҳаётнинг барча жабҳаларида амалга оширилаётган туб ислоҳотларнинг натижалари, тадбиркорларга, хорижий сармоядорларга кенг имкониятлар яратиб берилаётгани билан изоҳланишини таъкидлади.
Ўзбекистон билан ўзаро ҳамкорликнинг истиқболларига катта ишонч билан қарашларини билдирган тадбиркорлар Нидерландияда Ўзбекистон савдо уйини очиш режаси мавжудлиги ҳамда Европа бозорлари учун талаб юқори бўлган ўзбек миллий маҳсулотларининг турини кўпайтиришни мўлжаллашаётганини маълум қилди.
Европа, қолаверса, жаҳон бозорларида катта тажрибага эга бўлган сармоядорлар Европага ўзбек маҳсулотларининг экспортини оширишда, аввало, маҳсулотлар сифати ва уларнинг биологик тозалигига, доимий бир хиллигига юқори эътибор қаратиш лозимлиги таъкидланди. Бу вазифани амалга оширишда, нидерландиялик ҳамкорлар Ўзбекистонда озиқ-овқат маҳсулотларининг евросифат ва биологик тозалигини текширувчи замонавий лаборатория ўрнатиш ҳамда ўзбек мутахассисларига бу йўналишда билим беришга ҳам тайёр эканини айтди.
Суҳбат якунида хорижий сармоядорлар билан Нидерландияда яқин вақт оралиғида Ўзбекистон савдо уйининг расмий очилишини ташкил этиш ҳамда дастлабки босқичда ўзбек миллий маҳсулотларининг намуналарини тўловсиз асосда савдо уйига жойлаштириш ва мамлакатимиз Мустақиллигининг 30 йиллиги арафасида ўзбек миллий маҳсулотларининг ярмаркасини ташкил этишга келишиб олинди.
Шу билан бирга, нидерландиялик тадбиркорларнинг яқин келажакда Ўзбекистон вакиллари билан ҳамкорликда сайёҳлик, маданият, тил ва касбга ўқитиш марказларини ташкил этиш ҳамда Европа шаҳарларида ўзбек миллий ресторанларини очиш бўйича режалари юзасидан ҳам ўзаро фикр алмашилди.






