Жорий йилнинг 3 июнь куни Нукус шаҳрида “Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудудига айланади” мавзусида ОАВ ходимлари учун Очиқ мулоқот ташкил этилди.
Ушбу тадбир Ўзбекистон Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси Республика Ташқи ишлар вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағаликни қисқартириш вазирлиги, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ва Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар кенгаши билан ҳамкорлигида ўтказилди.

Очиқ мулоқотда Ўзбекистон Президенти томонидан таклиф этилган ва БМТга аъзо барча давлатлар томонидан бир овоздан маъқулланган Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудудига айлантириш тўғрисидаги резолюция ҳақида маълумотлар берилди.
60 га яқин давлатлар ҳаммуаллифлигида Бош Ассамблея томонидан қабул қилган резолюция:
- Оролбўйи минтақасидаги экологик, ижтимоий, иқтисодий ва демографик вазиятни яхшилашга қаратилган минтақавий тадбирлар ва ташаббусларни қўллаб-қувватлашини эълон қилади;
- бундан буён ҳам Оролбўйи минтақаси табиатини тиклаш ва яхшилаш, табиий ресурсларни сақлаш ва аҳоли ҳаёт сифатини ошириш манфаатлари йўлидаги илмий-тадқиқот маслаҳатлашув фаолиятини рағбатлантиради;
- Орол денгизи инқирози оқибатларини бартараф этиш ва Оролбўйи минтақасидаги экологик вазиятни барқарорлаштириш бўйича қўшма чора-тадбирларни амалга оширишда минтақавий ҳамкорликни фаоллаштириш муҳимлигини таъкидлайди;
- барча манфаатдор томонларни қўшма фанлараро тадқиқотлар ўтказишга, экологик тоза технологияларни ишлаб чиқиш ва жорий этишга, инклюзив ва экологик барқарор иқтисодий ўсишга ҳамда энергия ва сувни тежовчи технологияларни қўллашга туртки беришга чақиради.
Ҳужжатда Ўзбекистон раҳбариятининг ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида Оролбўйи халқаро инноватция марказининг ташкил этилгани ҳамда БМТ шафелигида Оролбўйи минтақаси учун кўпшериклик Траст фондини таъсис этилганига юксак баҳо берилди ва бу ташаббусларнинг БМТ томонидан қўллаб-қувватланиши қайд этилди.
Оролбўйи Бош Ассамблея томонидан “Экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди” сингари юқори мақом тақдим этилган илк минтақа бўлди. БМТ Бош Ассамблеяси махсус резолюциясининг қабул қилиниши юқори технологик инновациялар, экологик тоза, энергия ва сувни тежовчи технологияларни ишлаб чиқиш ва жорий қилишга инвестицияларни жалб қилиш, “яшил иқтисодиёт” тамойилларини мажмуавий қўллаш, чўллашув ва экологик миграция жараёнларининг олдини олиш, экотуризмни ривожлантириш ва бошқа чора-тадбирларни амалга ошириш учун зарур шарт-шароитларни ва рағбатлантирувчи омилларни шакллантириш йўлидаги саъй-ҳаракатларни бирлаштиришга қаратилган.
Шу билан бирга, ҳужжат минтақавий устуворлик, интеграция ва барқарор ривожланишни қўллаб-қувватлаш бўйича БМТ тизимидаги ихтисослашган агентликлар, жамғармалар ва дастурларнинг амалий ҳаракатларини ҳамда лойиҳаларини умумлаштириш ва улар ўртасидаги мувофиқлашувни таъминлашга хизмат қилади.
Аҳолининг турмуш даражасини янада яхшилаш борасида амалга оширилаётган ишлар натижасида:
Биринчидан, Қорақалпоғистон Республикаси бўйича марказлашган ичимлик сув билан таъминланганлик даражаси
40 фоиздан - 67,1 фоизга кўтарилди.
61 та маҳаллалар илк бор марказлашган ичимлик суви билан таъминланди. (мисол учун Хўжайли туманидаги “Саманкўл“, “Мустақиллик“, “Куляб“ маҳаллалари, Чимбой туманидаги “Кенес“, “Каракул“, “Обод“ маҳалалари)
Иккинчидан, умумий қиймати 200 млрд.сўмлик 25 та соғлиқни сақлаш объектлари янгидан қурилди, 38 таси реконструкция қилинди. Шунингдек, 21 та тиббиёт бирлашмалари 66 млрд.сўмлик тиббий жиҳозлар билан таъминланди.
Учинчидан, 343 млрд.сўмлик 13 та мактабгача таълим муассасалари янгидан қурилди, 155 таси реконструкция қилинди ва таъмирланди, 75 та хусусий шерикчилик асосида ҳамда 357 та оилавий боғчалар ташкил этилиши ҳисобига мактабгача таълим муассасаси билан қамраб олиш даражаси
32,2 фоиздан - 62,1 фоизга кўтарилди.
Тўртинчидан, 331 млрд.сўмлик 16 та мактаб янгидан қурилди ва 117 таси таъмирланди.
Бешинчидан, 197 млрд.сўмлик 45 та маданият ва спорт соҳаси объектларида қурилиш-таъмирлаш ишлари бажарилди.
Олтинчидан, Ҳурматли Президентимизнинг алоҳида эътибори ва ташаббуси билан Оролбўйидаги яшаш шароити оғир бўлган Мўйноқ туманида атиги икки йилда амалга оширилган ишларни келтириб ўтиш кифоя. Хусусан, туманда 20 та кўп қаватли уй-жойлар қурилди, 100 километр масофадан ичимлик сув олиб келинди. Кўплаб корхоналар, ижтимоий объектлар ишга туширилди ва янгиларини барпо этиш давом этмоқда. “Мўйноқ аэропорти” янги лойиҳа асосида қайтадан қурилди.
Президентимизнинг 2017 йил 19 сентябрдаги Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясидаги нутқида илгари сурилган ташаббус асосида:
- Орол бўйи ҳудудини ривожалантириш мақсадида Траст жамғармаси ташкил этилган эди;
- ҳозиргача ушбу жамғармага 13,8 миллион доллар жалб этилган бўлса, яқин икки йилда яна 300 миллион доллар жалб этилади.
Ушбу маблағлар ҳудудда ичимлик суви, аҳоли саломатлиги ва бандлигини таъминлаш, экология, ирригация-мелиорация тизимларини яхшилаш лойиҳаларига йўналтирилади.
Яна бир муҳум масала Ҳукуматимиз томонидан Орол денгизининг қуриган тубида 1 млн. 600 минг гектардан ортиқ майдонларда чўл ўсимликлари экилиб, яшил қопламалар барпо этилмоқда.






