АсосийSiyosat

Қозоғистон Сенати Раиси Темурийлар тарихи давлат музейига ташриф буюрди

'Қозоғистон Сенати Раиси Темурийлар тарихи давлат музейига ташриф буюрди'ning rasmi

Қозоғистон Республикаси Парламенти Сенати Раиси Маулен Ашимбаев бошчилигидаги делегация Темурийлар тарихи давлат музейига ташриф буюрди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Ахборот хизмати маълум қилди.

Музей Амир Темурнинг 660 йиллиги муносабати билан Тошкентнинг марказида барпо этилган. Унинг биноси уч қаватли бўлиб, ўрта асрлар, аниқроғи “Темурийлар” даври ва замонавий меъморчилик услубларини ўзида мужассам этган.

Асосий экспозициялар иккинчи ва учинчи қаватларда жойлашган. Асосий залнинг марказида мусулмонларнинг муқаддас китоби – халифа Усмон розияллоҳу анҳу Қуръони Каримининг нусхаси сақланади.

Меҳмонлар заргарлик буюмлари, қурол-яроғ буюмлари, қўмондонлар ва оддий аскарлар кийимлари, мусиқа асбоблари, Улуғбекнинг астрономик асбоблари ва Темурийлар даврига оид кўплаб бошқа экспонатлар билан танишдилар. “Буюк Темур – буюк ҳукмдор” деб номланган миниатюра услубидаги катта расм меҳмонларда ажойиб таассурот қолдирди. Расмда Амир Темур ҳаёти акс этган.

Музей экспозициясида Буюк ипак йўли орқали Амир Темур давлатига келтирилган археологик, этнографик ва нумизматик материаллар, безаклар, буюмлар ҳам жой олган. Шунингдек, қимматли тарихий ҳужжатлар, жумладан Амир Темур ва унинг авлодларининг Европа монархлари билан ёзишмалари, моҳирона ишланган миниатюралар, ўша даврда яшаган европаликлар томонидан яратилган Амир Темур суратларининг нусхалари ҳам мавжуд.

Музей фондларида Ўзбекистон тарихи ва маданиятини акс эттирувчи 3 мингдан ортиқ экспонатлар сақланади.

 

    Бошқа янгиликлар