Шу кунларда Венгриянинг Будапешт шаҳрида дзюдо бўйича катталар ўртасида Жаҳон чемпионати баҳслари қизғин давом этмоқда.
Бугун эркаклар ўртасида -90 кг вазн тоифасидаги беллашувларнинг ғолиб ва совриндорлари аниқланади. Ушбу вазн тоифасида юртимиз шарафини ҳимоя қилаётган Давлат Бобонов жаҳон чемпионати финалига йўл олди. Бу ҳақда Туризм ва спорт вазирлиги маълум қилди.
Бу билан спортчи камида жаҳон чемпионатининг кумуш медалини нақд қилиб қўйди. Финалда Давлат асли грузиялик бўлган Испания терма жамоаси аъзоси Николоз Шеразадишвилига қарши татамига тушади.
Бобонов мусобақа давомида иккинчи даврада япониялик Санширо Мурао, иккинчи босқичда исроиллик Ли Кочман, чорак финалда эса қозоғистонлик Ислом Бозбаевни мағлубиятга учратди.

Финал остонасида ҳамюртимиз венгриялик тажрибали дзюдочи Кристиан Тотт билан куч синашди. Муросасиз кечган баҳсда Бобонов рақибини мағлуб этди ва финалга йўл олди.








