Давлат тест маркази Миллий сертификат имтиҳонлари саволлари сотувга чиқиб кетгани тўғрисидаги хабарлар юзасидан расмий муносабат билдирди. Бу ҳақда 12 июнь куни марказ ахборот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, ҳозирга қадар кимё, биология, математика ҳамда она тили ва адабиёт фанларидан миллий тест тизими жорий этилган. Тест саволлари Халқ таълими вазирлиги ва Таълим сифатини назорат қилиш инспекцияси томонидан ишлаб чиқилган ва ДТМ томонидан республиканинг барча ҳудудларида ташкил этилиб, ўтказилган.
Ҳозирга қадар кимё, биология, математика ҳамда она тили ва адабиёт фанларидан 2 маротаба миллий сертификат учун тест синовлари ташкил этилган. Тест синовлари жараёни тўлиқ видеокузатув камералари остида ўтказилган.
Тест материаллари Давлат фельдъегерлик хизмати ходимлари томонидан тест синови ўтказиладиган биноларга махсус транспорт воситалари орқали махфийлик таъминланган ҳолда тест синови бошланишидан бир соат олдин етказилган. Тест синовлари тўлиқ якунлангандан сўнг Давлат фельдъегерлик хизмати ходимлари муҳрланган махсус қоплардаги тест материалларини Давлат тест маркази ходимларидан қабул қилиб олди ва барча материаллар тўлиқ ҳолда марказга қайта етказилиши таъминланган.
ДТМ ахборот хизматининг таъкидлашича, ижтимоий тармоқларда тарқалган мақолаларда келтирилган кимё фанидан тест топшириқлари 11 май куни ўтказилган жараёнга тегишли бўлиб, 9 июнь куни ўтказилган имтиҳонда мазкур тест топшириқларидан фойдаланилмаган. Биология фани бўйича келтирилган тест топшириқлари, ҳақиқатан ҳам, 10 июнь куни ўтказилган тест синовларига оид. Бироқ у тест синови ўтказиб бўлинганидан кейин тест синовига кирган шахслар томонидан ёдлаб чиқилган саволлар асосида жуда кўплаб хатолар билан компьютерда терилгани, расмли тест топшириқларида расмларнинг келтирилмагани аниқланган.
Олинган охирги маълумотларга кўра, айрим ўқув марказлари томонидан «бу саволлар тушади» баҳонасида тайёрланган саволлар жамланмаси шахсларга сотилгани маълум бўлган. Бугунги кунда мазкур ҳолатлар бўйича тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва Давлат тест маркази ҳамкорлигида текшириш ишлари олиб борилмоқда.