2021 йил 11 июн, соат 11:50да 38-йўналишда ҳаракатланаётган поезднинг 3-вагонида шубҳали қаровсиз нарса ташлаб кетилди ва бу ҳақида поезд машинистига хабар берилди. Ички ишлар вазирлиги ва “Тошкент метрополитени” ўртасида ўзаро келишилган ҳолда тасдиқланган йўриқномага асосан, йўловчилар ва поездлар ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш мақсадида йўловчилар “Космонавтлар” бекатида поезддан туширилди. Бу ҳақда "Тошкент метрополитени" УК хабар берди.
Поезддаги шубҳали қаровсиз буюмни текшириш учун поезд йўловчиларсиз электродепода жойлашган махсус текшириш пунктига юборилди.
Ҳозирги вақтда барча йўналишларда поездлар жадвал асосида ҳаракатланишда давом этмоқда.
"Йўловчиларни ташиш билан боғлиқ фаолият юритувчи метрополитен корхонасини била туриб ижтимоий тармоқлар орқали обрўсизлантириш мақсадида, асосланмаган ёлғон хабарлар, фото ва видеолавҳалар, уйдирмаларни тарқатиш, шунингдек нашр қилиш ёки бошқа усулда кўпайтирилган тарзда телекоммуникасия тармоқларида ёки Интернет тармоғида жойлаштириш орқали ҳамда ғаразгўйлик ёки бошқа паст ниятларда туҳмат қилиш билан боғлиқ қонунбузарликни қасддан содир қилган шахслар қонунчиликда белгиланган жавобгарликка тортилишини эслатиб ўтамиз",– дейилади корхона хабарида.