Куни кеча кенг қамровда қурилиш-бунёдкорлик ишлари давом эттирилаётган “Bukhara City” замонавий турар жой ва савдо мажмуасида 36-лотдаги — 7-9 қаватли муҳташам иншоотлар қурилишининг тамал тоши қўйилди.
Умумий майдони 9 минг 323 метр квадратга тенг Жанубий Кореянинг "С&H Industry" компанияси таъсисчилигида янгидан очилган “С&H Industry Bukhara” МЧЖ мажмуасининг қурилишига бағишланган тадбирда вилоят ҳокимининг Саноат, капитал қурилиш, коммуникациялар, коммунал хўжалигини ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Нарзулло Ҳамдамов “Bukhara City” дирекцияси мутасаддилари, лойиҳа ташаббускорлари ҳамда қурувчи-пудратчи ташкилот вакиллари иштирок этдилар.



Мазкур қурилиш майдони 14 минг 419 метр квадратни ташкил этган лот бунёдкорлигига ташаббускорлар томонидан 3,6 миллион АҚШ доллари миқдорида сармоя киритилмоқда. Лойиҳадан 7 ва 10 қаватли турар-жой иншооти, шунингдек, замонавий савдо-маиший мажмуаси ўрин олган. Келгуси йилнинг иккинчи ярмида қурилиши битказилиб, фойдаланишга топширилиши кутилаётган муҳташам савдо ва хизмат кўрсатиш, турар жой мажмуасида 60 дан ортиқ кишининг бандлиги таъминланади. Шу нуқтаи назардан, қурилиши бошланган объект аҳолининг ҳаёт даражасини яхшилашга, “узукка қўйилган кўз” мисоли шаҳар инфратузилмасини янада кўркам қилишига ишонч билдирилди.



Умуман, ҳозирда мажмуада жойлаштирилаётган объектларга тўхталсак, “Bukhara City” концепциясига мувофиқ, лойиҳанинг жами қиймати бошланғич ҳисоб-китобга кўра, 550 миллион АҚШ долларини ташкил этмоқда. Унда 24,9 гектарда 38 та лотдан иборат турар жой (биринчи ва иккинчи қаватларида тижорат объектлари) биноси, 6,6 гектардан иборат 12 та лотда замонавий меҳмонхоналар, 3 гектар майдонда банк ва офис бинолари, 1,7 гектардан иборат 5 та лотда халқ таълими муассасалари, 5,3 гектарда спорт комплекси, тиббиёт клиникаси, ва бошқа турдаги ижтимоий объектлар (музей, илмий марказ, кутубхона, ёшлар маркази) ўрин олиши кўзда тутилган.


— Шунингдек, лойиҳага кўра, Бухорода илк бор 1,1 гектар майдонда 32 қаватли бино, 1,7 гектарда экспо-марказ ҳамда 1,4 гектарда технопарк ҳам айнан шу ҳудудда қурилмоқда,-дейди “Bukhara City” дирекцияси раҳбари Азимжон Пўлатов. — Бундан ташқари, 26 лотда 1 минг 810 та хонадонга мўлжалланган турар жой (ер майдони 14,1 гектар) биноси, 5,3 гектар ерда 2 мингдан ортиқ иш ўрни яратилиши кутилаётган муҳташам савдо комплекси, ҳар бири 150 ўринга мўлжалланган замонавий меҳмонхоналар, 80 ўринли мактабгача таълим муассасаси ва кафе бинолари учун ер майдонлари ажратилган. Ҳозирда АҚШ, турк, рус, корейс инвесторлари билан бир қаторда 14 та маҳаллий тадбиркорлик субъекти — инвесторлари ҳудудда ўз лойиҳасини амалга оширишга киришган.
Вилоят ҳокимининг ўринбосарлари ва инвестор билан навбатдаги мулоқотда лот доирасида амалга оширилаётган саъй-ҳаракат билан яқиндан танишиб, лойиҳанинг ўз вақтида ва мукаммал даражада якунланиши бўйича фикрлашиб олдилар.






