Сирдарёда радар ва камералар ўрнатиш жойлари савдоси дастлаб Сардоба ва Боёвут туманлари ҳудудидан бошланди. Бу ҳақда УзА ёзмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 21 апрелдаги «Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш соҳасига хусусий секторни жалб этишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори ижроси доирасида радар ва камералар ўрнатиш жойлари “E-auksion” савдо майдончаси орқали сотилиши белгиланган бўлиб, ушбу қарорга асосан, онлайн-аукционлар – Электрон онлайн-аукционларни ташкил этиш маркази ва Ички ишлар вазирлиги томонидан тасдиқланган Регламент асосида амалга оширилади.

Объект – онлайн-аукционда ғолиб бўлган тадбиркорга мулк ҳуқуқи асосида чекланмаган муддатга, бошқа тадбиркорга ўтказиш ҳуқуқи билан бириктирилади. Лотнинг жой дислокацияси, ҳудуддаги транспорт оқими ва охирги 2 йилда аниқланган қоидабузарликлар тўғрисидаги маълумотлар очиқ эълон қилинади.
Вилоят йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ахборот хизмати хабарига кўра, айни пайтда, Сирдарё вилоятининг Сардоба ҳамда Боёвут туманларида радар ва камералар ўрнатиш ҳуқуқи “E-auksion” савдога чиқарилган.

Сардоба туманидаги савдога чиқарилган ушбу лотда битта интеллектуал видеокамера, Боёвут туманидаги лотда эса битта интеллектуал видеокамера ҳамда 3 та стационар радар ўрнатилиши белгиланган.
Қисқа фурсатларда, вилоятнинг бошқа ҳудудлардан ҳам шу сингари ҳуқуқларни “E-auksion” орқали савдога чиқарилиши кўзда тутилган.







