Ўзбекистондаги "Швецария" мақомини олган Жиззах вилояти Зомин тумани чин маънода Аллоҳнинг биз ўзбекларга берган инъоми. Баланд тоғлар, шарқироқ сойлар, мусаффо осмон ва албатта тоза ҳаво. Буларнинг бари оҳанграбодек инсонни ўзига тортадиган табиат мўжизаси.

Туризм ва спорт вазирлиги ташаббуси билан Жиззах вилояти Зомин тумани ҳокимлиги кўмагида 15-16 июнь кунлари журналист ва блогерлар учун ўтказилган инфо-турда табиатнинг мана шу мўжизасини томоша қилдик.

Вазирлар Маҳкамасининг 254-Қарорига асосан, Зомин туристик зонасини ташкил этиш белгиланган. Қарорга кўра, 3, 4, 5 юлдузли меҳмонхоналар, "Канатная дорога"(дор йўли), гольф майдончаси, экстрим парк жойлаштириш реьжалаштирилган. Дор йўли Зомин санаториясидан бошлаб 2640 метр узунликда жойлаштирилади. Демак, бу жойлар ҳали халқаро ва маҳаллий меҳмонларга тўлади. Хўш, бунинг учун ҳудудда нималар қилинмоқда:

- Жиззах вилояти Зомин туманининг тоғли ҳудудида “Зомин” туристик-рекреацион зонасини ташкил этиш ва чегараларининг тавсифи тасдиқлаш;
- “Суффа платоси – 2 400” халқаро умуммавсумий курорти (2000 гектар) ва “Зомин” туризм мажмуаси (7,2 гектар) чегараларининг тавсифларини тасдиқлаш;
- “Зомин” туристик-рекреацион зонасини ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш;
- “Зомин” туристик-рекреацион зонасини ривожлантириш концепциясини амалга ошириш ҳамда ҳудудда туризм соҳасини комплекс ривожлантириш чора-тадбирлари дастурини тасдиқлаш;
- “Зомин” туристик-рекреацион зонаси ва унга қадар бўлган ҳудудда йўл-транспорт, муҳандислик коммуникация ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастурини тасдиқлаш;
- “Тошкент–Даштобод–Тошкент” ва “Самарқанд–Даштобод–Самарқанд” йўналиши бўйича электрлаштирилган темир йўл қатновини қайта тиклаш реъжалаштирилган.

Бундан ташқари ҳудудда яқин келажакда туристлар хавфсизлигининг қўшимча шароитларини, шу жумладан туристик инфратузилма объектларини видеокузатув тизимлари билан жиҳозлаш, огоҳлантириш, тизимларини ташкил этиш, ҳудудга келувчи туристлар ҳақида ягона маълумотлар базасини, фавқулодда ҳолатларда тез ёрдам бериш тизимини жорий этиш, ҳудуднинг экомуҳити имкониятларини ҳисобга олган ҳолда ўзига хос туристик йўналишларни ташкил этиш, хорижий ва маҳаллий инвесторларнинг инвестицияларини жалб қилиш ҳисобига туристик зонада замонавий меҳмонхона, маданий-соғломлаштириш, савдо-кўнгилочар ва туристик аҳамиятдаги бошқа объектларни, махсус функционал ва мавсумий рекреацион дам олиш зоналарини яратиш кўзда тутилган.

Зомин тоғликларида Туркия Республикаси компанияси томонидан ишлаб чиқилган Туристик зонанинг мастер режаси доирасида 250 миллион АҚШ долларигача бўлган инвестицияларни, шу жумладан туризм (жойлаштириш воситалари, дор йўллари, ресторанлар, савдо шахобчалари ва бошқа туризм инфратузилмаси объектлари), йўл-транспорт ва коммунал инфратузилмани ривожлантиришга йўналтирилган маблағларини жалб қилиш назарда тутилмоқда.

Ўзбекистоннинг туристик салоҳияти юқори. Унга ортиқча "ишлов" беришнинг ҳожати йўқ, аслида. Аммо Ташқи туризмни ривожлантирмоқчи эканмиз, халқаро нормаларга амал қилишга мажбурмиз. Бунда халқаро компаниялар ёрдамига муҳтожмиз. Масалан, “Doppelmayr seilbahnen GmbH” компанияси билан эришилган келишувга асосан узунлиги 2 640 метр бўлган замонавий дор йўли қурилади. 2021 йил 1 сентябрга қадар Туристик зона ҳудудига кириш нуқтасида хизмат кўрсатиш пункти ва замонавий автотураргоҳ ташкил этилади. Қурилиш бир неча босқичда амалга оширилади.
Биринчи босқичда тадбиркорлик ва ишбилармонлик тадбирларини (MICE туризм) ўтказишга мўлжалланган конгресс-холлни ўз ичига олган иккита халқаро даражадаги 4 ва 5 юлдузли меҳмонхоналар қуриш реъжалаштирилган.
Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ва Aвстриянинг “Doppelmayr seilbahnen GmbH” компанияси билан ҳамкорликда Зомин тумани “Суффа платоси”да замонавий дор йўли ташкил этиш юзасидан меморандум имзоланган.
Имзоланган меморандумга асосан компания томонидан умумий қиймати 15,8 млн. АҚШ долларига тенг лойиҳа таклифи тадим этилмоқда.
Қурилиши кутилаётган 2 640 метрли дор йўли 3 та бекатни ўз ичига олади:
1 - бекат “Зомин санаторияси” автотураргоҳи ёнидаги ҳудуд;
2 - бекат “Суффа платоси”нинг чўққиси (Томоша майдони);
3 - бекат “Суффа платоси”нинг марказий қисми.
Таклифда ҳар бир йўналишда соатига 1400 кишига хизмат қиладиган икки қисмли, ўн кишилик гондола қурилмасини ташкил этиш кўриб чиқилди.
Таклиф этилаётган тизим қуйидаги шароитларда хизмат кўрсатишга мўлжалланган:
- Йил давомида фойдаланиш;
- Пиёда йўловчиларни ташиш;
- Болалар аравачасига эга ва имконияти чекланган йўловчиларни ташиш;
- Гондола ҳажмига сиғадиган миқдордаги спорт ва бошқа жиҳозларни ташиш;
- Юқоридан пастга ҳаракатланаётган йўловчиларни ташиш.
"Бу ҳали бошланиши. Вазирлигимиз томонидан ҳудудга инвестиция киритмоқчи бўлган ҳар қандай тадбиркорни қўллаб-қувватлаш, уларга имкон яратиш учун бор имкониятлар яратиб берилади. Фақат маҳаллий эмас, балки хорижий сайёҳлар оқими ҳам оширилади",– дейди Туризм ва спорт вазирлиги Марказий аппарати Маркетинг бошқармаси бош мутахассиси Шерзод Султанов.






