АсосийSiyosat

Президент барча иқтисодий комплекс раҳбарларига уч ой мухлат берди. Улар вазифасини бажарувчи этиб тайинланади

'Президент барча иқтисодий комплекс раҳбарларига уч ой мухлат берди. Улар вазифасини бажарувчи этиб тайинланади'ning rasmi

Андижон вилояти ҳокимлигида Президент Шавкат Мирзиёев иштирокида вилоят фаоллари йиғилиш давом этмоқда. 

Йиғилишда Президент Шавкат Мирзиёев вилоятдаги барча иқтисодий комплекс раҳбарларига уч ой синов муддати берди.

“Даракчи” мухбири Сардорбек Раҳмонқуловнинг йиғилишдан маълум қилишича, уларнинг барчаси уч ой муддатга вазифасини бажарувчи этиб тайинланади. Иқтисодий комплекс ва тижорат банклари барча ходимлари идорага кирмасдан уч ой ичида мазкур маҳаллалардаги ҳар бир хонадонга кириб, аҳолининг турмуш шароити, истак-хоҳиши ва имкониятларини ўрганиб чиқади.

Шунингдек, умуман тадбиркорлик қўлидан келмайдиган оилаларга 100 тадан товуқ берилади. Вилоят ҳокими Шуҳрат Абдурахмонов ушбу маҳаллаларнинг ҳар бирига салоҳиятли тадбиркорларни бириктиради.

Бундай тадбиркорларга банклар томонидан 3 йил муддатга 10 фоиздан кредит ажратилади ва улардан гаров талаб қилинмайди. Бу кредитлар учун Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш жамғармаси кафиллик беради. Бу мақсадлар учун 200 та маҳаллага 400 миллиард сўм (ҳар бир маҳаллага 2 миллиард сўмдан) ресурс ажратилади.

Йиғилишда келтирилишича, вилоятдаги жами 882 та маҳалладаги муаммолар ва имкониятлар ўрганилган. Ўрганишлар натижасида ҳар бир маҳаллада аҳолининг азалдан шаклланган меҳнат кўникмасидан келиб чиқиб, энг самарали “ўсиш нуқта”лари сифатида – ҳунармандчилик, томорқа ва иссиқхона хўжалиги, боғдорчилик, гулчилик, паррандачилик каби йўналишлар белгилаб олинган.

Масалан, биргина Шаҳрихон тумани, “Юзлар” маҳалласида 847 та хонадондан 721 тасида 1 сотихдан 30 сотихгача иссиқхоналар мавжуд. Избоскан тумани, “Гудур” маҳалласидаги 601 та хонадондан 265 таси эса сават ясаш билан шуғулланади. Ҳозирги кунда вилоятдаги маҳаллаларнинг аксарияти ўзининг “ўсиш нуқта”ларини аниқлаб олган бўлишига қарамай, 100 та маҳалла ҳалигача ўз ихтисослашув йўлини топмаган. Шу боис, 200 та маҳаллани ривожлантиришга вилоят ҳокимлиги ва иқтисодий комплекс масъул бўлади.

“Мен бугун ана шу ишларингиз билан яқиндан танишиш, сизлар билан вилоятнинг бугунги ва эртанги тараққиёти ҳақида фикрлашиб, биргаликда улкан режалар тузиш учун келдим. Айниқса, вилоят ривожига кучли туртки берадиган янги “ўсиш нуқта”ларини шакллантириш ва тўлиқ ишга солиш, аҳоли ҳаётини яхшилаш бўйича асосий йўналиш ва вазифаларни белгилаб олсак, айни муддао бўлади.  

Бугундан бошлаб Андижон вилоятида иқтисодий комплексда ишловчи 5700 нафар ходимнинг барчаси ишдан бўшатилади. Ҳаммаси! Улар 3 ой синов муддати берилади, агар аравани торта олса, ишга тикланади, ойлигини ҳам берамиз, керак бўлса мукофот ҳам берамиз. Қани, улар ҳам муаммоларни ўзларида ҳис қилиб кўрсин. Менга насиҳат қилувчилар керак эмас, натижа кўрсатувчи ижро органи керак.  

Ҳамма шароит яратиб бердимми, энди халққа хизмат қилинглар, натижа кўрсатинглар”, – Президент.

Йиғилиш давом этмоқда.

    Бошқа янгиликлар