Куни кеча ижтимоий тармоқларда Навоий вилоятида вафот этган фуқаронинг фарзандлари ўзгалар томонидан тошбўрон қилингани акс этган видео тарқалди. Вилоят ИИБ Ахборот хизмати раҳбари Ўктам Усмоновнинг "Zamon.uz"га маълум қилишича, 2021 йил 16 июнь куни тахминан соат 08:00лар атрофида Ғозғон шаҳрида яшовчи фуқаро Зиёдуллаев Охун отаси Н.Жни дафн маросимида уйига қайтаётган вақтида кўчада фуқаро Р.Оқназарова билан аввалдан бўлган келишмовчилиги сабаб оғзаки ўзаро тортишишади.
Шундан сўнг Р.Оқназарова ушбу холатни турмуш ўртоғи С.Избосаровга айтиб беради. Шундан сўнг С.Избосаров, Ёрқулов ва Ҳ.Рустамовлар холатга ойдинлик киритиш мақсадида О.Зиёдуллаев билан гаплашиб олмоқчи бўлади. Аммо О.Зиёдуллаев уйига кириб қариндошлари билан қайтиб кўчага чиқиб С.Избосаров, М.Ёрқулов ва Ҳ.Рустамовлар билан жанжаллашиб бир-бирларига тош отишади. Натижада О.Зиёдуллаев ва М.Ёрқуловлар тан жароҳати олиб тиббиёт бирлашмасига мурожаат қилишади.
Мазкур ҳолат Ғозғон шаҳар ИИБ Навбатчилик қисмида қайд қилиниб фуқаролар О.Зиёдуллаев, С.Избосаров, М.Ёрқулов ва Ҳ.Рустамовларга нисбатан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.






