Бугун Ўзбекистон-Россия Ҳукуматлараро қўшма комиссиясининг навбатдаги йиғилиши доирасида Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов бошчилигидаги мамлакат делегацияси Россия Федерациясига ташриф буюрди. Унда Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси раҳбарияти ҳам иштирок этиб, соҳага оид масалалар юзасидан бир қатор халқаро шартномалар имзоланди.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси билан Федерал божхона хизмати (Россия Федерацияси) ўртасида Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқариладиган ва Россия Федерациясига олиб кириладиган товарларнинг божхона қийматини тавсифловчи маълумотлар алмашинуви тўғрисидаги 2017 йил 7 апрелдаги Баённомага ўзгартириш ва қўшимча киритиш юзасидан томонлар келишувга эришилди.
Шунингдек, “Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси билан Федерал божхона хизмати (Россия Федерацияси) ўртасида Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси ўртасида товар ва транспорт воситаларини олиб ўтишда божхона операцияларининг соддалаштирилган тартибини ташкил этиш тўғрисида 2016 йил 30 декабрда имзоланган Битимга қўшимчалар киритиш” борасида ҳам ҳужжат имзоланди.
Ўзбекистон Республикасидан Россия Федерациясига экспорт қилинадиган тайёр текстиль маҳсулотларининг хорижий бозорга кириб боришига янада қулай муҳит яратиш мақсадида, Давлат божхона қўмитаси томонидан Баённома лойиҳаси тайёрланди.
Ташриф доирасида яна бир муҳим масала, яъни “Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси билан Федерал божхона хизмати ўртасида ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари томонидан шубҳали молиявий операцияларни амалга оширишни олдини олиш, аниқлаш ва тўхтатиш соҳасида ҳамкорлик қилиш тўғрисида Меморандум имзоланди.
Бундан ташқари, “Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси билан Федерал божхона хизмати (Россия Федерацияси) ўртасида жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга (ўзлаштириш) қарши курашиш ҳамда жисмоний шахслар томонидан нақд пул ва (ёки) пул воситаларини трансчегаравий олиб ўтишда терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш соҳасида ахборий ҳамкорлик қилиш тўғрисида битим имзоланди.
Хулоса ўрнида айтганда, икки мамлакатнинг божхона тизимлари ўртасидаги ўзаро ҳамкорликдаги ишлар ва дўстона алоқалар соҳанинг янада ривожланишига ҳамда мамлакат иқтисодий хавфсизлиги учун муҳим аҳамият касб этади.






