Айни дамда Бухоро шаҳрида 23-24 июнь кунлари ўтказилиши режалаштирилган Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда парламентлараро глобал ҳамкорлик халқаро форуми ўз ишини бошлади. Бу ҳақда Дарак.уз мухбири хабар бермоқда. Мазкур форумни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Нарбаева очиб берди ва Президент Шавкат Мирзиёевнинг форум иштирокчиларига йўллаган табригини ўқиб эшиттирди.
Айтиш жоизки, тадбирда Европа парламенти ҳамда Канада, Буюк Британия, Германия, Франция, Италия, Испания, Латвия, Болгария, Жанубий Корея, Хитой, Япония, Индонезия, Малайзия, Тайланд, Туркия, Эрон, Озарбайжон, Афғонистон, Қирғизистон каби ўнлаб мамлакатлар парламентлари аъзолари, шунингдек, қатор нуфузли халқаро ташкилотлар ва парламентлараро тузилмалар вакиллари ташриф буйирган.
Халқаро форумнинг асосий йўналишлари қуйидагилардан иборат:
— Барқарор ривожланиш мақсадларининг самарали бажарилишини таъминлашда парламентнинг роли;
— Барқарор ривожланиш мақсадларини амалга ошириш бўйича тадбирларни молиялаштириш;
— Барқарор ривожланиш мақсадларининг статистик кўрсаткичларини шакллантириш;
— Барқарор ривожланиш мақсадларини амалга оширишда фуқаролик жамияти институтлари ва жамоатчиликнинг иштироки;
— Барқарор ривожланиш мақсадларининг бажарилишида парламент назорати, мониторинг ва баҳолашнинг аҳамияти;
— Барқарор ривожланиш йўлида дунё парламентлари ўртасида халқаро мулоқот ва глобал ҳамкорликни ривожлантириш.
Маълумот ўрнида, Глобал форум якунида Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда парламентлараро глобал ҳамкорлик бўйича Бухоро декларацияси қабул қилиниши режалаштирилган.