Кинематография агентлиги буюртмасига биноан «Ёшлик киностудияси» ДУК томонидан суратга олинган, «Дебют-2020» ёшлар киноалманахидаги 18 та фильмлардан бири бўлган «Чана» қисқа метражли фильми «Свет миру» халқаро ёшлар кинофестивалида махсус диплом билан мукофотланди. Бу ҳақда Кинематография агентлиги Ахборот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, мазкур кинофестиваль 1-5 июнь кунлари Россиянинг Ярославль шаҳрида бўлиб ўтди. Фестивалда Россия, Ўзбекистон, Арманистон, Ҳиндистон, Туркия, Болгария ва бошқа мамлакатлардан ёш режиссёрларнинг кинолойиҳалари иштирок этган.

Шунингдек, “Чана” фильми болалар аудиторияси учун мўлжалланган фильмлар номинациясида финалчилар қаторидан жой олди. Сценарий муаллифи ва постановкачи режиссёр Сухроб Қодиров, постановкачи оператор Нортой Йўлдошев, рассом Алишер Тўлабоев, композитор Убайдулло Каримов, иккинчи режиссёр Дилшод Усмонов, бадиий раҳбар Шуҳрат Ризаев.






