Аввал хабар берганимиздек, Президент раислигида инвестиция ва экспорт соҳаларида олиб борилаётган ишлар ва йил якунига қадар амалга оширилиши лозим бўлган устувор вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтмди.
Йиғилишда Давлат раҳбари инвестициялар бўйича қатор топшириқ ва вазифаларни белгилаб берди.
"Ҳар бир доллар давлатимизга фойда келтириши керак. Инвестиция инвестиция учун эмас, иш ўрни яратилиши, рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқариш учун ўзлаштирилиши керак. Лойиҳаларнинг самарали ишлаши учун эса корхонанинг айланма маблағи, гази, электр энергияси, экспорти нима бўляпти- булар билан доим шуғулланиш лозим", - деди Президент.
Айни пайтда республика бўйича 19 мингта бўш турган ва паст қувватларда ишлаётган объект мавжуд.
Шавкат Мирзиёев бир ой муддатда бўш турган ва паст самарали объектларни тўлиқ хатловдан ўтказиб, электрон платформасини яратиш бўйича раҳбарлар ва ҳокимларга топшириқ берди.
Давлат раҳбарининг кўрсатмасига кўра, вилоят, туман ва шаҳар ҳокимларининг инвестициялар бўйича ўринбосарларига ҳар бир ишламаётган бундай объектлар номма-ном бириктирилади ва йил якунига қадар камида 150 минг янги иш ўрни яратишга масъул ва жавобгар бўладилар.






