Нукус туманидаги энг чекка ҳудуд – “Кердер” овулида “Армия ва ёшлар” фестивали бўлиб ўтди. Таъкидлаш жоизки, Нукус шаҳридан деярли 60 км олисда жойлашган бу овулга ҳарбий хизматчиларнинг ташрифи биринчи марта бўлгани билан алоҳида эсда қолди.
Икки мингга яқин аҳолини ўзида жамлаган фестивалда Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазирининг моддий таъминот бўйича ўринбосари полковник Зоир Базарбаев, Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони полковник Фарҳоджон Шерматов, Нукус тумани ҳокими Умирбай Уснатдинов иштирок этди.

Сўзга чиққанлар, ёшларимиз учун бугун мамлакатимизда кенг имкониятлар эшиги очилгани, ёшларнинг жамиятда ўрни алоҳида эканини таъкидлашди. Юртимиз ёшлари ҳеч кимдан кам эмаслиги, жаҳон майдонлари ва спорт ареналарида давлатимиз байроғи юксак кўтарилаётганини эътироф этди.
Фестиваль ёшлар ўртасида ўтказилган ҳарбий эстафета билан бошланди. Ўғил-қизлар фаол иштирок этган ҳарбийча ўйин шиддатли баҳлар билан кечди. Жамоавий жипслик, ҳамжиҳатликни талаб этувчи мусобақада ёшлар газниқобларни кийиши, турли тўсиқлардан биргаликда ўтиши, автоматни нотўлиқ қисмларга ажратиши ва йиғиши, ўқ-дориларни ўқдонга жойлаштириши каби шартларда ўзаро куч синашди.
Ғолиб ва совриндорлар мудофаа вазири ўринбосари, округ қўмондони ва туман ҳокими томонидан фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Шунингдек, 2020-2021 ўқув йили якунига кўра туманда умумтаълим мактабларини аъло баҳоларга битирган ўқувчиларнинг 4 нафарига олтин ва 3 нафарига кумуш медаллар тантанали топширилди.
Туман ҳокимлиги томонидан эҳтиёжманд оилаларнинг ижтимоий аҳволини яхшилаш, уларга амалий кўмак бериш мақсадида “Темир дафтар”га киритилган оилаларга тикув машинаси ҳамда электр печлари тарқатилди.
Ҳарбий анжом-аслаҳаларни тақиб, қўлларида қурол ушлаб турган забардаст ўғлонлар овул болакайларининг диққат марказида бўлди. Ҳарбий округ қўмондонлиги томонидан ташкил этилган фестивални ўзгача ўтказиш мақсадида ўқувчи ёшларнинг ҳарбий акалари билан ўқув машғулотини ўтказишига руҳсат берилди.
Олинган шартли сигналга кўра, қуролланган юрт ҳимоячилари ва автомат макетларини қўлга олган болалар эҳтимолий душман жойлашган ҳудудда махсус ҳаракатларни амалга оширишга киришди. Ҳарбийларга хос қатъият, ирода ва ишонч билан ҳаракатланган ёшлар ўқув машғулотига жиддий киришиб кетди. Шартли душман жойлашган жой аниқланиб, йўқ қилинди.
Жанговар ва ҳарбий техникалар кўргазмаси, қурол-аслаҳалар намойиши аҳоли, айниқса ёшларни жудаям таъсирлантирди. Ҳар бир қуролни, жанговар техникани синчковлик билан ўрганишга ҳаракат қилаётган ёшларнинг қувончи ичига сиғмади.
Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилотининг Қорақалпоғистон Республикаси кенгашининг ўқув-спорт техника клуби томонидан намойиш этилган спорт ва транспорт техникалари барчанинг диққатини ўзига тортди.

Муддатли ҳарбий хизматчиларнинг мураккаб элементлардан иборат бўлган қўл жанги усуллари билан чиқишлари, фахрий қоровул взводининг ҳамда хизмат итлари иштирокидаги кўргазмали намойишлар барчани ҳайратда қолдирди.
Нукус гарнизони Маънавият ва маърифат марказининг ҳарбий оркестри жамоаси ҳамда туман маданият бўлими санъаткорлари томонидан намойиш этилган байрамона концерт дастури ёшу қарини рақсга чорлади. Шу куни Кердер овули аҳолисида фестиваль унутилмас таассуротлар қолдирди.
Шимоли-ғарбий ҳарбий округ матбуот хизмати






