Кеча Президент Фармони билан бир гуруҳ оммавий аҳборот воситалари ҳодимлари турли даражадаги медаль ва орденлар билан тақдирлангани ҳақида маълум қилган эдик. Бугун Ўзбекистон журналистлар уюшмаси ҳамда Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ташаббуси билан пойтахтимизнинг “International” меҳмонхонасида тақдирланган ОАВ вакилларига ўз мукофотларини тантанали топшириш маросими бўлиб ўтди.
Тадбир аввалида Президент матбуот котиби Шерзод Асадов сўзга чиқиб, Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёевнинг 27-июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ҳодимлари куни муносабати билан журналистларга йўллаган байрам табригини ўқиб эшиттирди.
Мукофот ва орденларни эса ўз эгаларига Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева ўз қўллари билан топширди.




Тантанали тадбирда давлат, ҳорижий ва хусусий нашрлари журналистлари, блогерлар билан бир қаторда таниқли устоз журналистлар ҳамда соҳа фидойилари ҳам иштирок этишди.
Аҳмаджон МЕЛИБОЕВ, "Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист" фахрий унвони соҳиби, "Жаҳон адабиёти" журнали бош муҳаррири:
— Бугунги журналист ҳам сиёсатчи, ҳам иқтисодчи, ҳам ҳуқуқшунос, ҳам инсоншунос, жамиятнинг барча соҳаларини яхши биладиган бўлиши керак. Дунё мамлакатлари тарихидан маълумки, қайсики юртда юртбоши ижодкор, зиёлиларга ҳурмат эътибор кўрсатса, уларни қўллаб-қувватласа, ана шу юртнинг эртаси янада ёруғ бўлади. Юртбошимизнинг бугун бизга йўллаган табрикларида қайд этилгани каби биз бундан кейин ҳам жуда катта масъулият билан ишлашимиз керак. Бугун президент олиб бораётган сиёсат билан қайси касб бўлмасин, деҳқонлар ҳам фикрлай бошлади, жамият фикр билан оёққа тура бошлади. Давлат фикр билан яшаяпти. Мана шундай пайтда биз ҳам янги фикр билан ижод қилишда давом этамиз. Барча касбдошларга байрам муборак бўлсин!
Ўғилхон БОЛТАБОЕВА, "Меҳнат шуҳрати" ордени соҳибаси, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси "O‘zbekiston 24" телеканалининг Наманган вилояти бўйича мухбири:
— Барча ҳамкасбларга байрам муборак бўлсин. Бугунги юксак давлат мукофоти билан тақдирланишимиз Президентимизнинг оммавий ахборот воситаларига бўлган эътиборининг бир намунаси. Шунингдек, устозларимизнинг меҳнатлари самараси, деб биламан ва уларга таъзим қиламан.
Абдирасул ЖУМАҚУЛОВ, "Ҳуррият" мустақил газетаси бош муҳаррири "Меҳнат шуҳрати" ордени соҳиби:
— Матбуот ҳаёт билан, жамият билан ҳамоҳанг, уни бир-биридан ажратиб бўлмайди. Улуғ мутафаккир бобомиз Беҳбудий бобомиз “Муаллим ва муҳаррир – миллатнинг икки кўзидир” деганлар. Бугун жамиятимизда кечаётган ўзгаришлар, Янги Ўзбекистон ислоҳотларини кўриб, мана шу боболаримизнинг орзулари ушалаётганига ҳамоҳанглик беради, десам адашмайман. Мен барча ҳамкасбларимга бугун Президентимизнинг биз оммавий ахборот воситалари ходимларига йўллаган табрикларида тилга олинган жамики вазифаларни бажаришда ўзининг ўткир сўзи, ўткир қалами билан шу эл-юрт манфаатига хизмат қилишини тилайман.






