Куни кеча Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳридаги бунёдкорлик ишлари билан танишиш баробарида Чилонзор туманининг Чўпон ота ва Сергели туманининг Қипчоқ кўчаларини боғловчи янги йўлда бунёд этилаётган кўприк қурилишини ҳам бориб кўрган эди. Мустаҳкамлиги, кўркамлиги, автомобил йўлидаги қатновга ҳалал бермасдан қурилаётганлиги билан аҳамиятли бўлган мазкур кўприк қурилиши, унинг қулайликлари ва фойдаланишга топширилиш муддатига оид саволлар билан “Grand Road Tashkent” корхонаси раҳбари Аҳмад Саидалиевга юзландик.

Илк монолит-бетон конструкцияли кўприк
Унинг айтишича, бу Ўзбекистондаги илк монолит-бетон конструкцияли кўприк ҳисобланади. “Бу турдаги кўприк ҳали бизда қурилмаган. Самарқанд шаҳрида ҳам қуриляпти. У 110 метрли. Биз қураётган кўприкнинг узунлиги 788 метр, қўл қисмлари (съездлар) билан ҳисоблаганда эса 950 метрни ташкил этади”, - дейди мутахассис.
Монолит кўприкнинг анъанавийларидан фарқи ва афзалликлари
Аҳмад Саидалиевдан бу ҳақда сўраганимизда монолит-бетон кўприкнинг қуйидаги афзалликларини санаб берди:
Биринчидан, бу кўприкда уланган жойлар фақат унинг боши ва охирида бўлади. Йиғма кўприкда эса булар ҳар бир устунга тўғри келади.
Иккинчидан, кўприк устунлари оралиқлари 45 метргача қўйилган. Йиғма кўприкда эса 33 метрдан ошиқ қилиш имкони бўлмаган. Чунки ундаги бетон узунлиги 33 метргача бўлади. Монолит кўприкларда эса 70 метргача олса бўлади.
Учинчидан, горизонтал радиус бериш имкони бор, яъни кўприкни атрофдаги биноларга зарар етказмасдан туриб, қайириб олиб ўтилган. Анъанавий кўприкларда эса бу имконсиз.
Тўртинчидан, бу кўприклар эстетик жиҳатдан чиройли ва мустаҳкам. Бунинг сабаби эса бетон орасида арматурадан ташқари, Франциядан келтирилган махсус трослар ҳам тортилган.

Бешинчидан, ҳар бир устунларга сейсмоизоляторлар қўйилган бўлиб, унинг вазифаси турли тебранишлар кучини камайтириб, кўприкнинг узоқ “яшовчан”лигини таъминлаб беради.

Олтинчидан, бу кўприклар йўлларда қатнов қисмига ҳалал бермасдан қурилмоқда.
Бетон орасига кўприк узунлигидан 688 баравар узун бўлган трослар тортилган
Янги кўприк ҳақида қолган қизиқарли маълумотларни лойиҳа менеджери Тимур Самуддиновдан олдик. Унинг келтиришича, кўприк узунлигини 950 метр дейдиган бўлсак, ишлатилган троснинг умумий узунлиги эса 654 километрни ташкил этади – 720 тонна.

Қайси кўприк қимматроққа тушади?
“Анъанавий кўприклар билан бу турдаги кўприклар нархларидаги фарқ 10-15 фоизга фарқ қилиб, монолитли кўприк қимматроқ бўлиши мумкин. Лекин бунинг афзалликлари жуда кўп. Фойдаланиш муддати ҳам узоқ – 100 йилгача “яшайди”, таъмир талаб этилмайди. Тошга айланади, дейиш ҳам мумкин”, - дейди у.

Қачон фойдаланишга топширилади?
Бу саволга мутахассис Сергели тумани Қипчоқ кўчасигача олиб чиқадиган янги йўлнинг умумий узунлиги – 6,6 км бўлса, бу йўл икки босқичда тайёр бўлади: 1-йўл ўтказгич билан Тошкент халқа айлана йўли (ТХАЙ) орасидаги йўл 1 сентябргача – 2,2 км, ТХАЙдан Қипчоқ кўчасигача бўлган кўприк ва йўллар қурилиши (4,4 км) шу йилнинг охиригача якунланиши режалаштирилган, дея жавоб берди.
Мутахассислар фикрларидан хулоса қилиш мумкинки, улар қураётган монолит-бетонли кўприк ҳам эстетик жиҳатдан жозибадор, ҳам мустаҳкам. 10-15 фоиз пулига ачинмасак, бизда бу турдаги кўприклар қуришга эҳтиёж бор. Сабаби сифатсиз қурилаётган оддий бетонли кўприклар қисқа муддатларда қай аҳволга тушиб қолаётганини кўряпмиз. Бунинг устига рухсат этилганидан бир неча баробар оғир юк ташиётган юк машиналари, ёғингарчилик, зилзила ва тебранишлар ҳам секин-секин анъанавий кўприкларни емириб боради. “Тошга айланадиган” бундай кўприклар эса йиллар, ҳатто, асрлар давомида халққа хизмат қилади. Бизга ҳам айнан шунақаси керак!
Сардорбек Раҳмонқулов суҳбатлашди





