АсосийJamiyat

Ўзбекистонда диний эркинликлар янада кенгайтирилмоқда

'Ўзбекистонда диний эркинликлар янада кенгайтирилмоқда'ning rasmi

Сенатнинг ўн олтинчи ялпи мажлисида Адлия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган янги таҳрирдаги “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Қонун маъқулланди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабар бермоқда.

Қонун билан виждон эркинлигини таъминлашнинг асосий устуворликлари, диний ташкилотларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари доираси аниқ белгилаб берилмоқда. Диний ташкилотлар фаолиятининг қўшимча кафолатлари мустаҳкамланмоқда.

Қонун билан қуйидагилар бекор бўлмоқда:

– фуқароларнинг жамоат жойларида “ибодат либослари”да юришларига йўл қўйилмаслиги ҳақидаги чеклов;

– диний таълим муссасаларида диний таълим берувчиларга марказий органнинг алоҳида розилигини олиш талаби;

– диний ташкилотни рўйхатдан ўтказиш учун нотариал тасдиқланган ҳужжатларни тақдим этиш тартиби;

– диний ташкилотни тузишда маҳалла фуқаролар йиғинлари розилигини олиш талаби бекор бўлмоқда.

Қонунда диний ташкилотларни рўйхатдан ўтказиш тартиб-таомиллари тубдан енгиллаштирилмоқда:

– диний ташкилотни тузиш учун ташаббускорларнинг сони 100 нафардан 50 нафарга қисқартирилмоқда;

– диний ташкилотни тузиш ҳақидаги йиғилиш ўтказилгандан кейин 6 ой мобайнида (амалда 3 ой) адлия органига мурожаат қилиш ҳуқуқи мустаҳкамланмоқда;

– тақдим этиладиган ҳужжатлар сони қисқармоқда;

– рўйхатдан ўтказиш билан боғлиқ хизматлар тўлиқ электрон кўринишда амалга оширилиши жорий этилмоқда;

– диний ташкилотни рўйхатдан ўтказиш учун тақдим этилган ҳужжатларни кўриб чиқишнинг 3 ойлик муддати 1 ой этиб белгиланмоқда;

– рўйхатдан ўтказишни рад этиш асослари аниқ белгиланмоқда.

 

☝🏻Диний ташкилотнинг фаолияти фақатгина суд томонидан тўхтатиб қўйилиши мумкинлиги, мансабдор шахслар томонидан диний ташкилотларнинг қонуний манфаатларини бузувчи хатти-ҳаракатлари устидан судга мурожаат қилганда улар давлат божини тўлашдан озод этилиши ва бошқа қўшимча кафолатлар назарда тутилмоқда.

️Мазкур Қонун Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан имзоланиб, белгиланган тартибда эълон қилингач кучга киради.

Бошқа янгиликлар