2021-йилнинг 28-июн куни Вашингтон шаҳрида амалий ташриф билан бўлиб турган Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Aбдулазиз Камилов AҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) администратори Саманта Пауер билан учрашди. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги Ахборот хизмати хабар бермоқда.
Ўзбекистон ташқи сиёсат идораси раҳбари С.Пауерни USAID раҳбари лавозимига тайинланганлиги билан табриклади ва фаолиятига муваффақият тилади.
Музокаралар чоғида иқтисодий ўсишни рағбатлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, таълим ва соғлиқни сақлаш тизимларини ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги соҳаларида ҳамда Оролбўйи минтақасидаги экологик муаммоларни ечиш борасида Ўзбекистон ва USAID ўртасидаги ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди.
С.Пауер Ўзбекистондаги ислоҳотлар дастурини амалга оширишда ўсишга эришилаётганлигини олқишлади ҳамда Ҳукуматнинг ижтимоий-иқтисодий ва гуманитар тараққиёт бўйича мақсадларига эришишда кўмаклашишга тайёрлигини билдирди.
USAID администратори “Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар” мавзусидаги конференсиясига таклиф учун миннатдорлик билдирди ва форум ишида ўзининг иштирок этиши имкониятларини кўриб чиқишга тайёрлигини маълум қилди.
Музокараларда томонларни қизиқтирган бошқа масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди.
Эслатиб ўтамиз, 2020-йил октябр ойида AҚШ Ҳукумати мамлакатимиздаги иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий ислоҳотлар дастурини қўллаб-қувватлаш мақсадида Ўзбекистонда тўлақонли миссия очилишини эълон қилган эди. 2021-йил 10-июнда Микаела Мередит Ўзбекистондаги USAID миссиясининг биринчи директори вазифаларини бажаришга киришди.






