Ўзбекистонда бу йил 650 минг нафарга яқин болажонлар мактаб остонасига қадам қўяди. 1 синфга қабул қилиш жараёнлари ва бу йилги ўзгаришлар ҳақида Халқ таълими вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Лайло РУСТАМОВА маълумот берди.
БУ ЙИЛ ИККИ БОСҚИЧЛИ ҚАБУЛ АМАЛГА ОШИРИЛМОҚДА
— 15 июндан бошлаб, республика умумтаълим мактабларида 1 синфга қабул жараёни бошланганди. Тошкент шаҳри, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларнинг марказидаги умумтаълим мактабларида 1 синфга қабул жараёнлари тажриба-синов тариқасида электрон шаклда амалга оширилади. Жараён 2 босқичда бўлмоқда:
- Биринчи босқичда ота-оналар 2021 йилнинг 15 июнидан 5 июлига қадар my.maktab.uz электрон платформаси орқали рўйхатдан ўтиб, фарзандлари 1-синфга чиқадиган мактабларни танлайдилар. Бунда ота-оналарга 3 та мактабни танлаш имконияти берилади. Биринчи мактаб– ота-она доимий истиқомат қилаётган ҳудуддаги мактаб, яъни яшаш манзили бириктирилган микроҳудуддаги мактаб. Иккинчи ва учинчи мактаблар – ота-оналарнинг ихтиёрий танлови асосида фарзандларини қатнаши учун қулай бўлган мактаблардир.
- Иккинчи босқичда 2021 йилнинг 6 июлидан то 31 июлига қадар ота-оналар электрон платформа орқали ўзлари танлаган биринчи мактабга, яъни бириктирилган микроҳудуддаги мактабга фарзандларининг ҳужжатларини топширадилар. Бунда ҳужжатларни топшириш тўлиқ электрон шаклда амалга оширилади. Ота-оналарнинг доимий яшаш манзили бўйича бириктирилган микроҳудуддаги мактабга жойлашишлари ҳар томонлама кафолатланади.
Агар ота-оналар микроҳуддуддаги мактабни эмас, бошқа бир мактабни танлаган бўлса, яъни электрон рўйхатдан ўтиш вақтида танлаган иккинчи ёки учинчи мактабларнинг бирида бўш ўринлар бўлган тақдирда 1-15 август кунлари ҳужжатларини топширишлари мумкин бўлади.
Қолган ҳудудлар (Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларнинг бошқа туман (шаҳар)лари) умумтаълим мактабларида 1 синфга қабул анъанавий шаклда, яъни бевосита мактабларнинг ўзида амалга оширилади. Ота-оналар қабул анъанавий шаклда амалга ошириладиган ҳудудларда, бевосита 2021 йилнинг 15 июнидан – 15 июлига қадар доимий яшаш манзили бўйича бириктирилган микроҳудуддаги мактабга фарзандини 1 синфга жойлаштириш учун ҳужжат топширишлари мумкин.
Шунингдек, 16 июлдан – 15 августга қадар ота-оналарга ихтиёрий танлов асосида бошқа мактабларга, яъни микроҳудудига кирмаса ҳам бўш ўринлар бўлса, фарзандларини 1 синфга қабул қилиш учун бошқа мактабга ҳужжатларини топшириш имконияти берилади.
Мазкур қонун талаблари бошқа вазирлик ва идоралар тасарруфидаги, мулкчилик шаклидан қатъи назар, яъни нодавлат хусусий барча таълим муассасалари учун ҳам мажбурийдир. Умумтаълим мактабларига бириктириладиган микроҳудудлар маҳаллаларнинг жойлашуви ва аҳолининг демографик ўсишини инобатга олган ҳолда туман (шаҳар) ҳокимликларининг қарори асосида белгиланади.
Ҳудудларда янги уй-жойларнинг қурилиши ёки маъмурий-ҳудудий чегараларнинг ўзгариши сабабли туман (шаҳар) ҳокимликларининг қарори билан умумтаълим мактабларига бириктирилган микроҳудудлар қайта ўзгартирилиши мумкин.
ИХТИСОСЛАШГАН МАТАБНИНГ ҲАМ ЎЗ ТАЛАБИ БОР
— 2021–2022 ўқув йилида халқ таълими тасарруфидаги ихтисослашган давлат умумтаълим муассасаларига қабул жорий йилнинг 10 июнидан бошлаб, 10 июлига қадар давом этади. Ота-оналарга қулайлик яратиш ҳамда қабул жараёнлари шаффофлигини таъминлаш мақсадида ҳужжатлар тўлиқ электрон шаклда қабул қилинади. Бунинг учун ота-оналар 10 июндан бошлаб my.maktab.uz сайти орқали ихтисослаштирилган таълим муассасаларига ҳужжатларни электрон шаклда топширишлари мумкин.
МАЪЛУМОТ УЧУН, ихтисослашган давлат умумтаълим мактабларига 5 синфдан, ихтисослаштирилган мактаб-интернатларига қабул 7 синфдан амалга оширилади. Саралаш танловлари давлат тест маркази томонидан жорий йилнинг 12–30 июл кунлари ўтказилади.
Абдукарим ЗАРИПОВ тайёрлади
"Даракчи" газетаси 24 (1151) 17 июнь 2021 й