Бугун, 1 июль куни Ўзбекистон Республикаси адлия вазири Русланбек Давлетов Жаҳон одил судлов лойиҳаси (World Justice Project) халқаро ноҳукумат ташкилотининг ижрочи директори Э. Андерсен
билан учрашди. Бу ҳақда вазирлик Матбуот хизмати Даракчига маълум қилди.
Учрашув доирасида томонлар глобал пандемия шароитида юзага келган ҳуқуқий чақириқлар, Ўзбекистонда ҳуқуқ устуворлигини таъминлашга қаратилган сўнгги ўзгаришларни муҳокама қилди.
Хорижий томон мамлакатимизда амалга оширилаётган давлат органларининг фаолиятида очиқликни таъминлаш, коррупцияга қарши кураш ҳамда одил судловни таъминлашга қаратилган ислоҳотларни ижобий эътироф этди.
Шу билан бирга, вазир Р. Давлетов бу жараёнларда ягона давлат ҳуқуқий сиёсати амалга оширилишини таъминлашда Адлия вазирлигининг вазифалари ҳақида қисқача тўхталиб ўтди.
Шунингдек, учрашув давомида Жаҳон одил судлов лойиҳаси томонидан юритиладиган Ҳуқуқ устуворлиги индексининг 2020 йилдаги нашрида Ўзбекистонга берилган баҳолар, ташкилот экспертлари билан доимий ҳамкорлик механизмларини белгилаб олиш масалалари муҳокама қилинди.
Бундан ташқари, Адлия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган Ҳудудларнинг ҳуқуқ устуворлиги индексини юритишда Жаҳон одил судлов лойиҳаси ташкилоти билан доимий ҳамкорлик қилиш, шунингдек ташкилотнинг эксперт кўмаги ёрдамида ушбу индексни янада такомиллаштириш бўйича келишувларга эришилди.
Конструктив тарзда ўтган учрашув якунида томонлар ўзаро манфаатли соҳаларда ҳамкорликни янада кенгайтиришга тайёр эканликларини билдирдилар.






