АсосийSiyosat

АҚШ Давлат департаментининг Жаҳонда одам савдоси тўғрисидаги йиллик маърузасида Ўзбекистоннинг позицияси яхшиланди

'АҚШ Давлат департаментининг Жаҳонда одам савдоси тўғрисидаги йиллик маърузасида Ўзбекистоннинг позицияси яхшиланди'ning rasmi

Кеча, 1 июль куни АҚШ Давлат департаменти ҳар йили анъанавий тарзда тайёрланадиган Жаҳонда одам савдоси тўғрисидаги йиллик маърузасини эълон қилди. Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссияси ушбу маърузага ўз муносабатини билдирди.

Эълон қилинган мазкур маърузада жаҳондаги 192 та давлатда ушбу соҳадаги вазият чуқур таҳлил этилган, йўл қўйилган камчиликлар билан бир қаторда, эришилган натижалар ҳам инобатга олинган.

Маърузада Ўзбекистон ўз позициясини яхшилаб, “2-тоифадаги давлатларнинг назорат рўйхати”дан чиқарилиб, 2-тоифадан ўрин олди, яъни давлат идоралари минимал талабларни тўлиқ бажармаган, шу билан бирга ўз фаолиятини ушбу стандартларга мувофиқлаштириш учун салмоқли ҳаракатларни амалга оширадиган мамлакатлар қаторида қайд этилди.

Шунингдек, Давлат меҳнат инспекцияси томонидан болалар меҳнати ва мажбурий меҳнат ҳолатларини аниқлаш бўйича текширувлар сонининг ортганлиги, мамлакатимизда одам савдосига оид жиноятларни аниқлаш ва қонуний жавобгарликка тортиш борасидаги ишлар сезиларли кўпайганлиги ҳам ижобий баҳоланган.

Ҳисоботда Ўзбекистон рейтингининг ижобий томонга ўзгариши мамлакатимиздаги инвестицион муҳитнинг янада яхшиланишига ва натижада халқаро бренд корхоналарнинг Ўзбекистон бозорига кириб келиши учун қулай шарт-шароитлар яратилишига хизмат қилади.

Шу билан бирга, АҚШ ва Европа давлатларидаги йирик ишлаб чиқариш корхоналари билан савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни ривожлантиришда муҳим роль ўйнайди.

Ҳисоботда Ўзбекистонда ушбу йўналишдаги ишларни янада яхшилаш бўйича тавсиялар ҳам акс эттирилган.

    Бошқа янгиликлар