1

"Ўзбекистон билан барча соҳаларда алоқалар мустаҳкамланмоқда". Туркия элчиси журналистлар билан учрашди (фото)

ЖАМИЯТ 02.07.2021, 20:20
"Ўзбекистон билан барча соҳаларда алоқалар мустаҳкамланмоқда". Туркия элчиси журналистлар билан учрашди (фото)

Бугун, 2 июль куни Туркия Республикасининг Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Олган Бекар Ўзбекистонлик бир гуруҳ журналистлар билан бир пиёла чой устида мулоқот уюштирди. 

Маълумот учун, Олган Бекар жорий йилнинг март ойида Туркия Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси этиб тайинланган эди.

Мазкур учрашув Элчи жанобларининг ўзбекистонлик журналистлар билан илк-танишув учрашуви сифатида қайд этилди. Тадбир аввалида сўз олган Элчи жаноблари бугунги мулоқот расмий тадбирдан ҳоли экани ва шунга кўра, кўпроқ журналистларни тинглаш, уларни қизиқтирган саволларга жавоб бериш, шунингдек, ОАВ ходимлари томонидан икки мамлакат муносабатларига оид таклифларни эшитиш учун самимий суҳбат шаклида ўтиши тарафдори эканини қайд этди. 

"Мен Ўзбекистонга Элчи сифатида 1 март куни иш бошладим, бизнинг бу учрашувимиз аслида март  ойида бўлиши лозим эди. Бироқ турли сабабларга кўра бу кечикди ва бугун сизлар билан очиқ самимий учрашув ўтказаётганимиздан мамнунмиз. Ўтган қисқа тўрт ойлик фаолиятим давомида биз икки қардош мамлакатлар ўртасида муносабатларни янада мустаҳкамлаш, турли соҳаларда ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш борасида қатор чора-тадбирларни амалга оширдик ва оширяпмиз. Маълумки, ўтган йилларда Ўзбекистон ва Туркия давлатлари ўртасидаги муносабатларда узоқ муддат узилиш бўлиб қолди. Аммо ҳозирда мамлакатлар, давлат раҳбарлари ўртасида ўзаро дўстона муносабатлар юзага келди, ҳар икки давлат бир-бирлари учун ўз эшикларини очдилар. Бир сўз билан айтганда Туркия Ўзбекистон билан барча соҳаларда, хусусан, иқтисодиёт, маданият, туризм, таълим, соғлиқни сақлаш, инвестиция каби муҳим жабҳаларда ишончли ҳамкорликни йўлга қўйди. 

Шу ўринда, мен сиз азиз журналистларнинг фаолиятларингизни ҳам алоҳида эътироф этишим лозим ва сизлар билан ҳамкорликда ишлаётганимиздан мамнунмиз", - деди Элчи  Олган Бекар.  

Шунингдек, тадбирга Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси Олимжон Ўсаров, Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ректори Шерзод Қудратхўжаев ҳам меҳмон сифатида таклиф этилиб, улар ҳам икки қардош халқлар ўртасидаги маданий-маърифий алоқалар йилдан йилга тараққий этиб бораётгани ҳақида алоҳида тўхталиб ўтишди. 

Самимий руҳда ташкил этилган учрашув турли ОАВларда фаолият юритаётган журналистларнинг савол ва таклифлари билан кўтаринки руҳда давом этди.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1