АсосийDunyo

Филиппинда ҳарбий юк ташувчи самолёт қулаб тушди. Қурбонлар сони кўп

'Филиппинда ҳарбий юк ташувчи самолёт қулаб тушди. Қурбонлар сони кўп'ning rasmi

Филиппинда ҳарбий юк ташувчи самолёт қулаб тушиши оқибатида камида 17 киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда «РБК» хабар бермоқда.

Мамлакат Мудофаа вазирлиги вакили генерал Корлето Винлуан хабарига кўра, воқеа жойида 17 кишининг жасади топилган, аммо қутқарувчилар авиаҳалокат қурбонлари сони ўсишини истисно қилмаяпти. 40 киши қутқарилиб, турли оғирликдаги жароҳатлар билан касалхоналарга етказилган.

Винлуаннинг сўзларига кўра, самолёт бортида одамлардан ташқари, бешта жанговар машина ҳам бўлган.

Филиппин Қуролли Кучларининг C-130 Hercules самолёти Сулу провинциясидаги Холо оролида қўнишга киришиш чоғида ҳалокатга учради. Самолёт минтақада терроризмга қарши кураш учун ҳарбий хизматчиларни оролга олиб учган. Мудофаа вазирлиги маълумотларига қараганда, бортда 92 киши, шу жумладан, саккиз нафар экипаж аъзоси бўлган.

Дастлабки маълумотларга кўра, қўнишга уриниш чоғида самолёт баландлигини йўқотган ва учиш-қўниш йўлагигача бориб етмаган. Қулаб тушганидан кейин самолёт ёниб кетган, воқеа жойида қутқарувчилар ва бошқа шошилинч хизматлар ходимлари ишламоқда.

Бошқа янгиликлар