АсосийJamiyat

Олий суди янги интерфаол хизматларни ишга туширди

'Олий суди янги интерфаол хизматларни ишга туширди'ning rasmi

Ўзбекистон Республикаси Олий суди, АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) ва БМТ Тараққиёт дастурининг “Ўзбекистонда қонун устуворлиги йўлида ҳамкорлик” қўшма лойиҳаси доирасида Ўзбекистон Республикаси Олий суди Telegram-ботида (@suduzbot) янги интерфаол хизматлар ишга туширилди.

Унга кўра, ишга доир апелляция, кассация ва бошқа шикоятларнинг ҳолатини кузатиб бориш функцияси кенгайтирилди. Авваллари ушбу функция суд ишини фақат биринчи инстанцияда кўриш билан боғлиқ маълумотларни акс эттирган бўлса, эндиликда ишнинг рақами, паспорт рақамини/СТИРни юбориб, барча инстанцияларда иш ҳолатини кузатиб бориш мумкин.  

Бундан ташқари, ботга судга мурожаат этишда тўланиши лозим бўлган  давлат божи миқдорини ҳисоблаш бўйича янги хизмат қўшилди. Энди бот фойдаланувчилари судга ёки адвокатларга мурожаат этмасдан туриб, судга тўланиши лозим бўлган давлат божини осон ва мустақил равишда ҳисоблашлари мумкин. Зарурат туғилган тақдирда, ботнинг ўзи давлат божини ҳисоблаш учун керак бўлган қўшимча маълумотларни сўраб олади. Мисол учун, ҳукм қароридан нусха олишда  керакли саҳифалар сони ёки бошқа маълумотлар.  

Шунингдек, бот фойдаланувчилари учун даъво аризалари намуналари ва чоп этилган суд қарорларини юклаб олиш имконияти яратилди. Хусусан, ишнинг рақами бўйича тез ва осон равишда барча инстанцияларда чоп этилган суд қарорларини топиш ва зарур бўлганда, қарор файлини юклаб олиш мумкин.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, қўшма лойиҳа доирасида ботнинг инглиз тилидаги версияси хам яратилиб, ишга туширилди. Энди чет эллик фойдаланувчилар ҳам ушбу бот имкониятлари ва хизматларидан тўлиқ фойдаланишлари мумкин.  

Бошқа янгиликлар