Ўзбекистоннинг Туркиядаги элчихонаси кўмагида Ўзбекистон Дин ишлари қўмитаси ҳамда Туркия Диёнат ишлари бошқармаси бўлим бошлиқлари ўртасида онлайн музокаралар ташкил этилди.
Учрашувда турк томонига мамлакатимизда сўнгги йиллар давомида диний-маърифий соҳада амалга оширилган ислоҳотларга оид атрофлича маълумотлар тақдим этилди.
Таъкидланганидек, Ўзбекистоннинг бой диний-маънавий меросини асраб-авайлаш, ёшларни ёт мафкуралар таъсиридан муҳофаза этиш ва уларни аждодларнинг соф таълимотлари асосида тарбиялаш бўйича кўплаб ишлар амалга оширилди.
Хусусан, Имом Бухорий ҳамда Имом Мотуридий номидаги халқаро илмий-тадқиқот марказларининг ташкил этилгани ҳолда, улар сермаҳсул фаолият олиб бораётгани, ҳам моҳияти, ҳам салобати жиҳатидан муаззам лойиҳа – Ислом цивилизацияси марказининг таъсис қилингани қайд этилди.
-Ота юртимиз бўлган қардош мамлакат, ислом маданияти ривожига ҳисса қўшган буюк олимлар, аллома ва мутафаккирларнинг бешиги ҳисобланган Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилиш биз учун улкан фахр-ифтихор ҳисобланади, деди Туркия Диёнат ишлари бошқармаси Евросиё мамлакатлари билан ҳамкорлик бўлими бошлиғи Солиҳ Гур. — Ўзаро ҳамкорлик натижасида ҳар икки томон учун манфаатли лойиҳа ва тадбирларни амалга оширишимизга ишонаман.
Музокаралар якуни бўйича томонлар диний соҳадаги давлат сиёсатини амалга ошириш юзасидан тажриба ва амалиёт алмашиш, ўзаро манфаатли масалалар бўйича учрашув, конференция, давра суҳбатлари ташкил этиш, бузғунчи сохта диний ғоялар ва диний экстремизм кўринишлари тарқалишининг олдини олишга қаратилган тушунтириш ишларини амалга ошириш, ислом маданияти ва цивилизацияси ривожига улкан ҳисса қўшган буюк алломалар ва мутафаккирларнинг масканлари, муқаддас қадамжоларни асраб-авайлаш, зиёратчиларга қулай шароитлар яратиш, аждодлар колдирган бой илмий-маданий меросни халққа етказиш ҳамда “Зиёрат туризми”л йўналишларида ҳамкорлик қилиш масалаларини ўз ичига олган Англашув меморандумини имзолашга келишилди.






