Куни кеча “Bukhara news” телеграм канали орқали таэквондо ИТФ спорт тури билан шуғулланиб келаётган бухоролик 16 ёшли қиз Жасмина Умаровна Жумаеванинг 2020 йил сентябрь ойида отаси вафот этгани, онасининг соғлигида муаммолар борлиги, шу сабабли иқтидорли спортчи қизни Ўзбекистон таэквондо ИТФ Миллий Ассоциацияси ўз қарамоғига олиши сўралган мурожаат эълон қилинган эди.
Унда 2005 йилда туғилган Жасминанинг 2015 йилдан бери таэквондо ИТФ спорт тури билан шуғулланиб келаётгани айтилган. Мазкур мурожаатга Туризм ва спорт вазирлиги ўз муносабатини билдирди. Унда айтилишича, Жасмина шу кунгача кўплаб фахрли ўринларни қўлга киритган. Жумладан, 5 карра Ўзбекистон чемпиони, Беларуснинг Минск шахрида 2018 йилда бўлиб ўтган жаҳон кубогида 2-ўрин соҳибаси, Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида ўтказилган Осиё кубогида 1-ўринни қўлга киритшган. Шунингдек, Қозоғистоннинг Қарағанда шаҳрида бўлиб ўтган Халқаро турнирда фахрли 1-ўрин соҳиби бўлган. I ДАН қора белбоғ соҳибаси, спорт устаси.
Мазкур мурожаат Ўзбекистон таэквондо ИТФ Миллий ассоциацияси томонидан ўрганиб чиқилди ҳамда Жасмина Жумаевага ассоциация томонидан амалий ёрдам кўрсатилиши айтилмоқда. Хусусан, иқтидорли спортчининг Жаҳон кубогига боришига амалий ёрдам берилиши маълум қилинди.