Наманганда ЙПХ ходимининг фаолиятига халақит бериб, қаршилик кўрсатган уч нафар фуқарога суд томонидан жазо тайинланди, деб хабар беради ИИВ ЙҲХББ ахборот хизмати.
5 июль куни ижтимоий тармоқларда «Чортоқ туманида ГАИ, ППС ва ҳайдовчи ўртасида тортишув юзага келгани айтилмоқда» изоҳи билан видеолавҳа тарқалгани тўғрисида хабар берилганди.
Маълум қилинишича, 4 июль куни соат 16:30 ларда Наманган вилояти Чортоқ тумандаги деҳқон бозорида 1992 йилда фуқаро ўзига тегишли Cobalt автомобилини тўхташ мумкин бўлмаган жойга, яъни марказий чорраҳа ўртасига ўрнатиб, автомобиллар ҳаракатига халақит берган. Мазкур ҳудудда хизмат олиб бораётган Чортоқ тумани ИИБ ЙҲХB гуруҳи катта инспектори томонидан ҳайдовчига қоидабузарлик содир этгани тушунтирилган ва унга нисбатан маъмурий баённома тузилиши айтилган.
Фуқаро эса ходимнинг қонуний талабларини бажармай, автомобилига тегишли ҳужжатларни тақдим этмаган ва икки нафар таниши билан бақир-чақир қилиб, ҳудудга бошқа фуқароларнинг тўпланишига сабабчи бўлган.
Ҳолат юзасидан Жиноят ишлари бўйича Чортоқ туман судида ўтказилган очиқ суд мажлисида уч нафар фуқарога нисбатан 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси ва жарима белгиланган.