Ҳолат юзасидан хабар берган ФВВ Ахборот хизматига кўра, ҳодиса бугун, 8 июль куни эрталаб соат 07:00 лар атрофида “Тошкент-Ўш” халқаро автомобиль йўлининг 242-километрида содир бўлган.
Аниқланишича, “Қамчиқ” довони орқали ҳаракатланаётган пахта толаси ортилган юк машинаси ҳайдовчиси бошқарувни йўқотииши натижасида қарама-қарши йўлга чиқиб кетган. Оқибатда юк машинаси ёниб кетган.
Қувонарлиси, машина ҳайдовчиси салондан чиқиб кетишга муваффақ бўлган ва шу сабабли жиддий жароҳат олмаган, дейилади хабарда.
ФВВнинг “Қамчиқ” махсус қидирув, ёнғин-қутқарув бошқармаси ходимлари зудлик билан воқеа жойига етиб бориб, бир неча дақиқада ёнғинни бартараф этганлар. ФВВ қутқарувчиларининг тезкор ҳаракатлари натижасида машинага ортилган юкларнинг катта қисми ёнғиндан сақланиб қолинган. Ҳодиса натижасида жабрланганлар йўқ.






