Ички ишлар вазирлигининг хабар беришича, Самарқанд шаҳрида жойлашган автомобилларни таъмирлаш корхонаси раҳбари Ў.Д., вилоят ИИБ бошлиғи номига ариза билан мурожаат қилиб, Оқдарё туманида яшовчи, ёши тахминан 25-30 ёшларда бўлган “Фаррух” исмли шахснинг сариқ рангли такси автомашинасини таъмирлаб бермаганлиги сабабли, бошқа устахонада автомашинасини қиммат нархда таъмирлатганлигини важ қилиб, устахона устидан аризалар ёзиб, уни тинч қўймаслик билан мунтазам равишда қўрқитиб, товламачилик йўли билан 3 миллион сўм пул талаб қилиб келаётганлиги маълум қилган, ушбу шахсни аниқлаб, унга нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.
Ҳолат юзасидан Самарқанд вилоят ИИБ ЖҚБ Уюшган жиноятчиликка қарши курашиш бўлими ҳамда Самарқанд шаҳри бўйича ИИО ФМБ ЖҚБ ходимлари томонидан тезкор тадбир ўтказилиб, 1992 йилда туғилган, Самарқанд шаҳар Махтумқули кўчасида яшовчи Ф.С., тинч қўйиш эвазига ариза муаллифидан 2 миллион сўм пулларни товламачилик йўли билан олаётган вақтда далилий ашёлар билан ушланиб, ҳужжатлаштирилган.
Суриштирувлар давомида, ушбу шахс бу каби ҳолатларни бошқа фуқароларга нисбатан ҳам содир қилганлиги аниқланган.
Ҳолат юзасидан Самарқанд шаҳри бўйича ИИО ФМБ ҳузуридаги ТБ томонидан Ф.С.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 165-моддаси 2-қисми “а” банди жиноят иши қўзғатилиб, қамоққа олингани маълум қилинмоқда.