АсосийЖАМИЯТ

Туркиянинг Хатай провинцияси ҳокими Лютфи Саваш бошчилигидаги ишбилармонлар делегацияси Бухорода бўлди

Хабарингиз бор, аввалроқ, Туркия Республикасининг Хатай провинцияси ҳокими Лютфи Саваш бош...

'Туркиянинг Хатай провинцияси ҳокими Лютфи Саваш бошчилигидаги ишбилармонлар делегацияси Бухорода бўлди'ning rasmi

Хабарингиз бор, аввалроқ, Туркия Республикасининг Хатай провинцияси ҳокими Лютфи Саваш бошчилигидаги делагация Тошкент вилоятига ташриф буюргани маълум қилинган эди. 

Айни пайтда Туркиянинг Хатай провинцияси ҳокими Лютфи Саваш бошчилигидаги ишбилармонлар делегацияси бугун, 8 июль куни расмий ташриф билан Бухорода бўлди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги Ахборот хизмати хабар берди. 

Маълумот учун:  Хатай провинцияси ҳақида — Туркиянинг жанубида, шарқий томондан Аманос (Нур) тоғ тизмасига туташ мазкур — 5 минг 678 квадрат километрдан иборат маъмурий ҳудудда айни кунда 1,6 миллиондан ошиқ аҳоли истиқомат қилади. Хатай — Буюк Ипак йўлининг Антакья ва Искендерун қадимий кентларидан Ўрта ер денгизига кириш эшиги ҳисобланади. Географик нуқтаи назардан, Хатай — Осиё, Европа ва Африка қитъаларининг кесишган қисми, дунёнинг марказий нуқтасида жойлашган ҳудуд. Унинг йирик шаҳарлари Антакя (маъмурий маркази), Искендерун (йирик порт), Дёртйол, Рейханли, Самандоғ ҳисобланади ва маъмурий жиҳатдан 12 та катта туманга бўлинган.

2012 йилда ЮНЕСКО халқаро ташкилоти томонидан Хатайга “гастрономия шаҳри” мақоми берилган. Ҳолбуки, айни кунда дунё миқёсида Колумбиянинг Папаян, Хитойнинг Чэнду ва Швециянинг Остерсунд шаҳарлари худди шундай мақомга сазовор кўрилган. Провинцияда бошоқлилар, дуккаклилар, цитрус ва бошқа мевалар, кўкатлар етиштириш, кимёвий ўғитлар ишлаб чиқариш, балиқчилик ва чорвачилик тармоқлари ривожланган.

Хатай мутасаддилари билан музокара аввалида вилоят ҳокими Ботир Зарипов Бухоро ва унинг бугунги салоҳияти ҳақида ахборот берди.

Ўзбекистоннинг жануби-ғарбий қисмида жойлашган ва умумий майдони 40,3 минг квадрат километрни ташкил этадиган вилоятда айни пайтда 2 миллионга яқин аҳоли истиқомат қилмоқда. Вилоятнинг асосий ривожланган соҳалари бу пахтани қайта ишлаш, енгил саноат ва тўқимачилик, ғаллачилик ва озиқ-овқат маҳсулотлари етиштириш, шунинг баробарида қурилиш, нефт-газ қазиб чиқариш ва қайта ишлаш ҳисобланади.  

Бугунга келиб Бухоро вилоятида 300 дан ортиқ хорижий инвестиция иштирокидаги корхона фаолият кўрсатаётган бўлса, маҳаллий тадбиркорлар ва Туркия Республикаси компаниялари ҳамкорлигида турли соҳалардаги қўшма лойиҳалар туфайли ҳозирда 39 та хорижий корхона фаолияти йўлга қўйилган. Туркия Республикаси Бухоро вилояти билан ташқи савдо айланмасида юқори улушга эга бўлган 5 та давлатдан биридир.

Таъкидлаш жоизки, пандемия хавф-хатари билан ўтган 2020 йилда вилоятимиз ва туркиялик сармоядорлар, ишбилармон доиралари ўртасидаги ўзаро ташқи савдо айланмаси 68,7 миллион АҚШ долларини ташкил этиб, умумий фаолият даромади 2019 йилга нисбатан 8,3 фоизга  ўсган. Шу жумладан, экспорт ҳажми 12,4 миллион, импорт ҳажми эса 56,3 миллион АҚШ долларига етказилган. Ана шундай яқин ҳамкорлик самараси ўлароқ, жорий йилда ташқи савдо айланмасини 100 миллион АҚШ долларига етказиш ва тўғридан-тўғри хориж инвестициясини ошириш кўзда тутилган.  

Вилоят ҳокими қардош Туркия делегацияси билан музокарада келгусида амалга оширилиши мумкин бўлган тикки томонлама тенг манфаатли ҳамкорлик йўналишлари хусусида тўхталиб, қатор таклифларини илгари сурди. Жумладан, вилоятда ҳар йили ўртача 300 минг тонна атрофида пахта хом ашёси етиштирилиб, шундан 100 минг тоннадан зиёд пахта толаси ишлаб чиқарилиши, бу эса тўқимачилик корхоналари қувватларини ошириш, “хом ашёдан тайёр маҳсулотгача” тамойили асосида шерикликда ишлаш ва тайёр текстиль маҳсулотлари ишлаб чиқариш учун қулай муҳит.

Шунингдек, Бухоро вилоятида қоракўлчиликка ихтисослашган хўжаликлар ички имкониятлари кенгайтирилаётгани ҳисобидан қоракўл терини қайта ишлаш ва чарм-мўйна саноатини ривожлантириш, бундан ташқари, ҳудудда қимматбаҳо саналган 50 дан ортиқ ерости қазилма бойликлари — графит, бентонит, мармар, гранит, гипс, олтингугурт, оҳактош ва бошқа хом ашёга бой табиий ресурслар конларини ўзлаштириш, улардан қурилиш ва бошқа соҳалар учун зарур ашёлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш истиқболи хусусида тўхталиб ўтилди.

Қолаверса, кўп асрлик тарихи, Буюк ипак йўлининг чорраҳасида жойлашганлиги, ҳудудда 800 дан ортиқ тарихий ва меъморий обида, муқаддас қадамжолар  мавжудлигини, шунингдек, Қадимий Бухоро шаҳри ЮНЕСКО халқаро ташкилотининг сайёҳлик маркази сифатида жаҳон маданий мероси рўйхатига киритилганлигини инобатга олиб, жадал суръатларда ривожланаётган сайёҳлик соҳасида амалга оширилаётган инвестиция лойиҳалари, икки давлат ўртасида зиёрат туризмини ривожлантириш истиқболларига эътибор қаратилди.

Ўз ўрнида, Хатай провинцияси ҳокими Лютфи Саваш самимий қабул учун вилоят ҳокими ва барча мутасаддиларга ўз миннатдорлигини изҳор қилди. Ташриф ҳар икки томон учун ҳам манфаатли бўлишини ният қилиб, деярли йигирма кишилик делегацияси билан вилоятимизга ташриф буюрганини таъкидлади. Бу делегация таркибида Хатай провинцияси Савдо-саноат палатаси раиси Левент Хакки Йилмаз, мазкур Палата раиси ўринбосарлари, “Taner Inshaat Limited shirketi” ҳамда “Muhsin Yeter tekstil” компаниялари раислари Маҳир Танер ва Муҳсин Етерлар, шунингдек, “Akdeniz Entegri Gida Sanayi”, “Agrocan Tarimsal Yurunler A/S”, “Nas Emad Turizm ve Seyahet Asentesi” каби йирик сармояга эга компаниялар раҳбарлари Таҳсин Кабаали, Текин Урхан, Рафи Гейик ва бошқа инвесторлар бўлиб, истиқболли лойиҳаларга ҳисса қўшиш мақсадида эканликларини билдирди. Савдо-иқтисодий, инвестициявий, молиявий-техник, транспорт-логистика ва маданий-гуманитар йўналишлардаги алоқаларни ривожлантиришга қаратилган ташаббусларни ҳар томонлама қўллаб қувватлашга тайёр эканликларини баён қилди. 

Туркиянинг Хатай провинцияси делегациясига қадим ва навқирон Бухорои шариф, шунингдек, унда қад ростлаётган “Bukhara City” замонавий турар жой ва ишбилармонлик мажмуаси тўғрисида тайёрланган видеороликлар намойиш қилинди.

Албатта, меҳмонлар замонавий кент қурилишида муҳташам меҳмонхоналар туркуми ҳамда маданий-соғломлаштириш ва савдо-кўнгилочар марказига ўз лойиҳалари билан ҳисса қўшиш ниятини билдирдилар.  

Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати  

    Бошқа янгиликлар