Ўзбекистонда фуқаро вакцина ўрнига сув билан эмлангани айтилган хабарлар ижтимоий тармоқда тарқалди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳолат юзасидан муносабат билдирди.
Қайд этилишича, бу эмлаш жараёни Россияда бўлиб ўтган. Калуга вилоятининг «Жуковский» номидаги марказий шифохонасида фуқаро коронавирусга қарши вакцина ўрнига сув билан «эмланган».
Ҳодиса жамоатчиликка ошкор бўлгач, вилоятдаги барча эмлаш пунктлари текширувдан ўтказилиши, бундай қўпол хатога йўл қўйган тиббиёт ходими эса ишдан бўшатилиши маълум қилинган.
«Ижтимоий тармоқларда ушбу ҳодиса Ўзбекистонда содир бўлгани ҳақида ҳам айрим хабарлар тарқалди. Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати мазкур ҳодиса Ўзбекистонда бўлмаганини тасдиқлади», дейилади хабарда.






