Ижтимоий тармоқларда Олмазор туманидаги дўконлардан бирининг олдида жанжал акс этган видеотасвир тарқалди.
Ҳолат бўйича Тошкент шаҳар ИИББ маълумот тадим этди.
Келтирилишича, жорий йилнинг 10 июль куни тахминан соат 17:05 ларда Тошкент шаҳар Олмазор тумани Уста Олим кўчасидаги автобус бекатида жойлашган дўконнинг олдида номаълум шахслар ҳеч бир сабабсиз 1995 й.т. Қ.Баходирни уриб тан жароҳати етказишган. Натижада Қ.Баходир олган тан жароҳатлари билан касалхонага ётқизилган.
Мазкур жиноятга алоқадор шахсларнинг шахси тезкорлик билан аниқланди. Ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 277-моддаси 2-қисми “а”, “б” бандлари (“Безорилик, бир гуруҳ шахслар томонидан баданга ўртача оғир шикаст етказиш”) билан Р.Сардорбек ва бошқаларга нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Тергов давом этмоқда.
"Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, айрим фуқароларнинг ҳуқуқий билимга эга бўлмаганлиги ҳамда жиноят ишини қўзғатишнинг процессуал асослари ва тартибини билмаслиги кўпинча тушунмовчиликларга, видеотасвирга берилган шарҳдаги каби асоссиз айбловларга сабаб бўлмоқда. Шунинг учун биз фуқаролардан бу каби айбловларга шошмасликларини, айниқса воқеа юз берганига қисқа вақт ўтганлигини, уларнинг хулосалари хато бўлиши мумкинлигини инобатга олишларини сўраб қоламиз", - дейилади хабарда.






