Хитойнинг «Синхуа» ахборот агентлиги 15-16 июль кунлари Тошкентда бўлиб ўтадиган «Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий ўзаро боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар» мавзусидаги халқаро конференция ҳақида мақола эълон қилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Нашрнинг таъкидлашича, тадбирда юқори ва олий даражалардаги меҳмонлар, жумладан Покистон Бош вазири Имрон Хон ва Афғонистон Президенти Муҳаммад Ашраф Ғани иштирок этади. Бундан ташқари, форумда Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатлари ташқи ишлар вазирлари, йирик халқаро ва минтақавий ташкилотлар, глобал молия институтлари ва компаниялари, етакчи илмий-тадқиқот ва таҳлил марказлари вакиллари қатнашади.
Мақолада конференциянинг асосий мақсади Марказий ва Жанубий Осиё давлатлари ўртасидаги тарихий яқин ва дўстона алоқалар, икки минтақа халқлари ва мамлакатлари манфаатлари йўлидаги ишонч ва яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлашга қаратилгани қайд этилган.
Нашр ушбу конференция Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация алоқаларини янада ривожлантириш истиқболлари, барқарорлик ва хавфсизликни таъминлаш масалаларини муҳокама қилишга имконият яратишини таъкидлаган.
Бундан ташқари, кун тартибига сармоялар, энергетика ва инновациялар, яшил технологиялар соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш, аниқ лойиҳалар ва ҳамкорлик дастурларини амалга ошириш, туризм, таълим, соғлиқни сақлаш, илм-фан, маданият ва бошқа соҳаларда ўзаро алоқаларни кенгайтириш, икки минтақанинг барқарорлиги ва хавфсизлигини таъминлаш бўйича фикр алмашиш ва биргаликда таклифлар ишлаб чиқиш киритилган.