Айни пайтда ўз ишини бошлаган конференцияда Ўзбекистон раҳбари минтақаларнинг тарихий алоқалари, мавжуд тижорий, маданий, адабий мулоқотлари ҳақида эслатиб ўтди. Минтақа халқларининг тарихий уйғунлигига оид қизиқ бир фактни ёдга олди: 1695 йилда ҳинд ҳукмдори Аврангзеб рус савдогари Семён Маленькийга мамлакатда тижорат қилиш ҳуқуқини беради. Қизиғи, ушбу фармон эски ўзбек тилида ёзилган экан.
Шавкат Мирзиеёв бугун Афғонистон ўзининг янги тарихида "туб бурилиш палласи" ўтказяпти деб таъриф берди ва: "Ишонамизки, донишманд афғон халқи умуммиллий мақсадларга эришиш учун муросага тайёр эканини намоён қилади. Ишончимиз комилки, бизнинг минтақалараро ҳамкорлигимиз, мамлакатда иқтисодиётни тиклаш, тинчлик ва барқарорликни ўрнатиш учун муҳим омил бўлади", - дея қўшимча қилди.
Шунингдек, Президент бир неча ташаббусларни ҳам илгари сурди:
- Савдо-иқтисодий ҳамкорлик, кооперация ва инвестициявий алоқаларни кенгайтириш учун ҳар йили минтақалараро форум ўтказиш;
- Мозори Шариф – Кобул – Пешовар темир йўлининг қурилишини иштирокчи давлатлар ва халқаро ташкилотлар томонидан қўллаб-қувватланаётгани, минтақалараро стратегиясининг алоқаларни кучайтириш учун савдо, транзит ва божхона жараёнларини рақамлаштириш, қўшма ҳаракатлар стратегиясини қабул қилиш;
- БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти шафелигида минтақа мамлакатлари қишлоқ хўжалиги вазирларининг учрашувини ўтказиб, қўшма дастур ишлаб чиқиш;
- Марказий ва Жанубий Осиёнинг туроператорларининг ягона платформасини шакллантириш, Жаҳон сайёҳлик ташкилоти иштирокида минтақада туризмни янада ривожлантириш;
- ЮНЕСКО шафелигида Термизда Марказий ва Жанубий Осиёнинг тарихий меросига бағишланган халқаро форум ўтказиш;
- Қўшма тадқиқот ва тажриба алмашиш дастурларини рағбатлантириш, олим ва тадқиқотчилар учун енгиллаштирилган виза тартибини жорий қилиш кабилар шулар жумласидандир.
Шавкат Мирзиёев нутқидан сўнг БМТ бош котиби Антониу Гуттериш конференция иштирокчиларига видеомурожаат билан чиқди. Шундан сўнг, навбати билан Покистон бош вазири Имрон хон ва Афғонистон президенти Ашраф Ғани нутқ сўзлади.






