Бугун, Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори Н.Т.Йўлдошев раҳбарлигида прокуратура, Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ва Мажбурий ижро бюроси ходимлари иштирокида Бош прокуратура ҳайъатининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.
Карантин талабларига тўла риоя қилган ҳолда видеоселектор тарзида ўтказилган ҳайъат мажлисида прокуратура органларининг мамлакатда қонунийликни мустаҳкамлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини муҳофаза қилиш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида 2021 йил 1-ярмидаги фаолияти натижалари танқидий муҳокама қилинди.
Ҳайъат мажлисида Бош прокурор Н.Йўлдошев маъруза қилиб, ўтган ярим йилда прокуратура органлари томонидан амалга оширилган ишлар ва йўл қўйилган хато-камчиликларга бирма-бир тўхталиб ўтди.
Қайд этилганидек, мамлакатда қонунийликни таъминлаш мақсадида 70 мингдан ортиқ прокурор назорати ҳужжатлари қўлланилиб, 208 минг фуқаронинг бузилган ҳуқуқлари тикланди.
Прокурор текширишлари ва дастлабки тергов давомида айбдор шахслардан қарийб 720 млрд сўмлик зарар ундирилиши таъминланди.
Прокурорларнинг меҳнатлари билан секторлардаги 143 мингта эҳтиёжманд оилага ҳар томонлама кўмак берилди, 145 минг нафар ишсиз фуқаронинг бандлиги таъминланди.
Қисқа муддатда муҳтож оилаларнинг қарийб 142 мингтаси ёки 94 фоизи маҳаллий Кенгашлар қарорлари асосида эҳтиёжмандлар рўйхатидан ҳам чиқарилди.
Тадбиркорликни жадал ривожлантириш, инвестицияларни жалб этиш, экспорт ҳажмини ошириш каби иқтисодиётнинг долзарб йўналишларда тизимли тадбирлар амалга оширилиб, 9.737 нафар тадбиркорнинг бузилган ҳуқуқлари тикланди, 18.676 нафарига муаммоларини бартараф этишда амалий ёрдам кўрсатилди.
Шу билан бирга, йиғилишда жойлардаги мавжуд муаммолар, айрим ҳудудларда йўл қўйилган камчиликлар танқид қилиниб, тадбирларни янада жойлантириш, айниқса, ёшлар ва хотин-қизларга ҳар томонлама кўмак бериш, уларни тадбиркорликка жалб қилиш бўйича белгиланган вазифалар ижросини сўзсиз таъминлаш зарурлиги таъкидланди.
“Маҳаллабай” ишларни самарали ташкил этиш, шунингдек “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган шахслар билан манзилли ишлаш, уларга ҳар томонлама кўмак бериш кунлик вазифага айланиши лозимлиги белгиланди.
Ҳайъат йиғилишида ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга оид дастурлар, шу жумладан “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари ижроси аҳволи алоҳида ўрин эгаллади.
Қайд этилдики, “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари ижросини таъминлаш бўйича алоҳида Штаб ва ишчи гуруҳлар фаолияти, амалга оширилаётган ишларни кунлик мониторинг қилиб бориш имконини берувчи “Бюджет назорати” электрон дастури жорий этилиб, тўла назорат ўрнатилган.
Мазкур дастурлар ижросини таъминлаш, айниқса, ажратилган маблағлардан оқилона ва самарали фойдаланиш, талон-торожликларнинг олдини олиш бўйича прокуратура органлари зиммасига катта масъулият ва жавобгарлик юклатилганлиги масъулларга яна бир бор уқтирилиб, галдаги вазифалар белгилаб берилди.
Шунингдек, мажлисида жиноятчиликка қарши курашиш самарадорлигини таъминлаш масалаларига алоҳида урғу берилди.
Айрим ҳудудий прокуратура органлари томонидан ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва жиноятларни фош этиш ишларига етарли эътибор берилмаётгани кескин танқид остига олинди.
Коррупцияга қарши курашиш масаласи ҳам долзарблиги таъкидланиб, Давлатимиз раҳбари томонидан бу борада қабул қилинган янги Фармон ва қароридан келиб чиқадиган устувор вазифалар белгиланди.
Судларда фуқаролик, жиноий, маъмурий ва иқтисодий ишлар кўрилишида прокурор ваколатини таъминлаш масалалари ҳам ҳайъат эътиборидан четда қолмади.
Прокурорлар фуқаролик, иқтисодий ва маъмурий судларда фақат қонунда бевосита назарда тутилган ҳолларда ҳамда ўзи киритган аризалар кўрилишида иштирок этиши, судлар фаолиятига ноқонуний аралашиш ҳолатларига йўл қўйилмаслиги яна бир бор уқтирилди.
Сўз юритилганидек, ўтган 6 ойида 140 мингдан ортиқ фуқаронинг мурожаати бевосита прокуратурада ҳал этилди, 23 мингга яқин шахснинг бузилган ҳуқуқлари тикланди.
Бундай тадбирларни янада жадаллаштириш, халқ билан очиқ мулоқот қилиш, фуқароларни қийнаётган муаммоларни амалда ҳал этиш кундалик ишга айланиши белгиланди.
Фаолиятга ошкоралик бериш ҳамда қонун ижодкорлиги борасида қилинаётган ишлар ҳақида ҳам сўз юритилди.
Хусусан, ўтган даврда прокуратура ходимлари 75.562 та тарғибот тадбирларини ташкил этган, шундан 21.858 таси оммавий ахборот воситалари орқали амалга оширилган.
Прокурор назоратини амалга оширишда аниқланган тизимли муаммоларни бартараф этиш мақсадида 32 та қонун ҳужжатлари лойиҳалари ишлаб чиқилиб, белгиланган тартибда киритилган.
Давлатимиз раҳбарининг давлат органлари фаолияти очиқлигини таъминлашга доир Фармонлари ижроси бўйича муҳим вазифалар ҳам белгиланди.
Фармон талабларига кўра, эндиликда прокуратура органлари ҳам Очиқ маълумотлар порталига қатор маълумотлар, жумладан барча харидлар ва харажатлар ҳақидаги маълумотларни жойлаштириб боради.
Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаменти ва Мажбурий ижро бюроси фаолиятини самарали ташкил этиш, натижадорликни ошириш зарурлиги ҳам таъкидланди.
Умуман, ҳайъат йиғилишида асосий эътибор прокуратура органларининг ярим йиллик фаолиятида йўл қўйилган камчиликлар, хато ва нуқсонлар, уларни бартараф этиш чоралари ҳамда галдаги долзарб вазифаларга қаратилди.
Ҳайъат мажлисида масъулларнинг изоҳлари тингланиб, камчиликларни бартараф этиш бўйича ижро муддатлари аниқ кўрсатилган топшириқлар берилди.
Барча ходимлар хотиржамликка берилмасдан, юклатилган вазифаларни тўлақонли ва сўзсиз ижро этишлари, ташаббускор ва фидойи бўлишлари шартлиги қатъий белгиланди.
Ҳайъатда кўрилган масалалар юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.








