АсосийЖАМИЯТ

Таиланд делегацияси Қорақалпоғистонда артемия экспорти ҳамда қисқичбақа импорти билан боғлиқ масалаларни муҳокама этди

Таиланднинг “B.H.I. Holding Public Co., Ltd.” компанияси директори, Ўзбекистоннинг Таиланд...

'Таиланд делегацияси Қорақалпоғистонда артемия экспорти ҳамда қисқичбақа импорти билан боғлиқ масалаларни муҳокама этди'ning rasmi

Таиланднинг “B.H.I. Holding Public Co., Ltd.” компанияси директори, Ўзбекистоннинг Таиланддаги Фахрий консули Н.Чамикорн ҳамда “Wyncoast Industrial Park Co Ltd” компанияси раҳбариятидан иборат Таиланд делегацияси Қорақалпоғистонда бўлди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Ушбу амалий сафар чоғида Қорақалпоғистон Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Нукус шаҳар ҳокимлигида Таиланд делегацияси аъзолари билан учрашувлар бўлиб ўтди.

Музокаралар давомида уларга Қорақалпоғистоннинг сармоявий салоҳиятига оид батафсил маълумотлар тақдим этилгани баробарида Таиланддан инвестициялар ва гуманитар ёрдам жалб этиш, артемия экспорти ҳамда майда қисқичбақа импорти билан боғлиқ масалалар атрофлича муҳокама этилди.

Шу билан бирга, “Wyncoast Industrial Park Co Ltd” компанияси билан Нукус шаҳрида қуёш панелларидан фойдаланган ҳолда энергия ишлаб чиқариш бўйича 300 минг АҚШ доллари миқдоридаги инвестиция лойиҳасини амалга ошириш бўйича музокаралар ўтказилди. Лойиҳа учун ажратилган ер майдони билан таништирилди.

Шунингдек, Ўзбекистоннинг Таиланддаги Фахрий консули Н.Чамикорн билан Таиланддан Қорақалпоғистонга инвестицияларни фаол жалб этишни янада рағбатлантириш, экспорт маҳсулотлари жўғрофиясини кенгайтириш борасида амалий ҳамкорликни янада ривожлантириш юзасидан келишувга эришилди.

Сафар доирасида Қорақалпоғистоннинг Қонликўл туманида “Темир дафтар”га киритилган аёлларнинг шахсий бандлигини таъминлашга кўмаклашиш учун инсонпарварлик ёрдами тариқасида тикув машиналари тақдим этилди.

    Бошқа янгиликлар