Бу ҳақда "Ўзбекистон темир йўллари" АЖ хабар қилди.
Маълум бўлишича, жорий йил июль ойи бошида Испаниянинг «Патентес Талго С.Л.У.» компанияси томонидан ишлаб чиқарилган «Афросиёб»нинг янги поезди Испаниянинг Билбао шаҳридан Тошкентга жўнатилган.
Дастлаб, янги поезд махсус юк кемада 4000 км масофани босиб ўтиб, Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрига етказилган.
У ерда ҳаракат таркибининг барча вагон ва локомотивлари йиғилиб, яхлит ҳолатга келтирилганидан сўнг, 20 июль куни темир йўл орқали Ўзбекистонга жўнатилди. Россия Федерацияси ва Қозоғистон Республикаси ҳудудларидан яна 4200 км масофани босиб ўтиб, ниҳоят 24 июль куни кечки пайт Тошкентга етказилди.
Ушбу русумдаги поезд Ўзбекистонда бешинчи бўлиб ҳисобланмоқда. Жорий йил якунига қадар яна битта шу турдаги юқори тезликда ҳаракатланувчи поезд келтирилиши айтилмоқда.