АсосийJamiyat

Таниқли таржимон Низом Комил 84 ёшида оламдан ўтди

'Таниқли таржимон Низом Комил 84 ёшида оламдан ўтди'ning rasmi

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, таниқли таржимон Низом Комилов 84 ёшида оламдан ўтди.  

  У 1937 йилнинг 12 декабрида Наманган вилояти Чуст туманида зиёли оилада туғилган. 1960 йили Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика институтини тамомлаган. Дастлаб "Ёш гвардия" ( ҳозирги “Янги аср авлоди”) нашриётида муҳаррир, бўлим мудири, шундан сўнг, турли йилларда Ғафур Ғулом номидаги адабиёт ва санъат нашриётда муҳаррир, таҳририят мудири, бош муҳаррир ўринбосари, “Ўзбекфильм” киностудиясида муҳаррир бўлиб меҳнат қилган.

 "Низом Комилов заҳматкаш таржимон эди. У сермазмун ижодий фаолияти давомида миллий адабиётимизга, унинг узвий қисми бўлган бадиий таржима соҳасига салмоқли ҳисса қўшди. У Нодар  Думбадзенинг “Абадият қонуни”, “Оқ байроқлар” романлари, “Кукарача” қиссаси, Эрих Мария Ремаркнинг “Уч оғайни”, “Эсизгина ёшлигим” романлари, шунингдек, А.Беляев, И.Шоу, Ж.Сименон, А.Гайдар, Д.Вейс, Ф.Искандар ва бошқа адибларнинг кўплаб асарларини ўзбек тилига маҳорат билан ўгирди. Адибнинг ижодий ютиқлари минглаб китобхонларнинг самимий эътироф ва эҳтиромига сазовор бўлди.", — дейилади Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси хабарида.

  Низом Комилов 1997 йили “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими” фахрий унвони билан тақдирланган.

Бошқа янгиликлар