— Бир неча кун уйда шамоллашга қарши даволандик, дори-укол, “капелница” олдик. Эр-хотин уйда бир аҳволда ётдик, охирги кунлари овқат қилишга, ҳатто борини олдимизга олиб ейишга ҳолимиз, ҳафсаламиз қолмади. Яхшиямки, сал аввалроқ болаларимни қишлоққа — бувисиникига жўнатгандик. Бу орада олган даво муолажаларимизга 4-5 миллион пулимиз кетди. Аммо аҳволимиз баттарлашиб борса бордики, ўнгланишдан дарак бўлмади. Бошида шамоллаш, ўтиб кетади, деб ўйлагандик. Аммо иккаламизнинг ҳам ҳолатимиз коронавирус аломатлари каби кучайиб борарди. Очиғи, буёғига дори-дармон олишга ҳам пулимиз қолмади. Таниш-билишларнинг маслаҳати, қистови билан Зангиота юқумли касалликлар шифохонасига боришга қарор қилдик. У ерда бизга жуда яхши қарашди, врачлар ҳам, ҳамширалар ҳам мунтазам ҳолимиздан хабар олиб, барча зарур муолажаларни қилишди. Озиқ-овқат, дори-дармон, барча турдаги текширувлар — ҳамма-ҳаммаси шифохона томонидан амалга оширилди. Яхшиямки, бироз кеч бўлса-да, касалхонага борганимиз, бормаганимизда билмадим, нима бўлишини ҳатто ўйлашга ҳам қўрқаман. Фақат фарзандларим кўз олдимдан ўтарди, уларнинг ҳоли не кечади, деган ўйлар билан тонг оттирардим.
Шукрки, кундан-кунга саломатлигимиз яхшилана бошлади. Менга 3 кунда рухсат беришди. Аммо хўжайинимнинг аҳволи ёмонроқ бўлгани учун 14 кун шифохонада даволанди. Эркак киши дардга енгил бўлади, деганлари рост экан. Анча қийналдилар, нафас олишлари оғирлашди. Шифокорларимизга минг раҳмат, улар турмуш ўртоғимнинг жонига оро кириб, қўлларидан келган барча ёрдамни кўрсатишди. Хўжайиним ҳам соғайиб уйга қайтганларида бошимиздан кечирганларимиз кўзимдан бир-бир ўтиб, ҳам қувончдан, шукроналикдан, ҳам қўрқув ва ваҳимадан йиғлаб юбордим. Барча қийинчиликларимиз ортда қолгани рост бўлсин...
Афсуски, бугун бу каби хасталанаётганлар сони, махсус шифохоналарда, ўз хонадонларида "COVID-19" билан оғриб, даволанаётганлар сафи кўпайиб бормоқда. Бу хавфли касаллик занжирини узиш учун ҳар биримиз ҳаракат қилишимиз, ўзимизни асраш билан вирус тарқалишининг олдини олишга ҳисса қўшишимиз лозим.
ЎзА дан Муҳтарама Комилова суҳбатлашди