Эксклюзив: "Рақибим — 3 карра жаҳон чемпиони кореялик спортчига ёшлигимдан ҳавас қилардим". Улуғбек Рашидов қандай чемпион бўлди?
Хабарингиз бор, айни кунларда дунё спорт ишқибозлари, мутахассислар эътибори Токио олимпиа...
Хабарингиз бор, айни кунларда дунё спорт ишқибозлари, мутахассислар эътибори Токио олимпиадасига қаратилган. Куни кеча 19 ёшли спортчи Улуғбек Рашидов миллионлаб юртдошларимизнинг кўнглига қувонч олиб кирди: у Токио олимпиадасида мамлакатимизга олтин медал тақдим этган илк спортчига айланди. Шу билан бирга, Улуғбек Рашидов Олимпия ўйинлари тарихида таэквондо йўналиши бўйича олтин медалга сазовор бўлган илк ўзбекистонлик спортчи сифатида тарихга кирди. Улуғбек Ватан ва миллат шарафини ҳимоя қилди. Дунё саҳнида Ўзбекистон номи янгради, давлатимиз мадҳияси ватандошлар кўнглини тўлқинлантирди. Миллионлаб юртдошларимиз Улуғбекнинг ғалабасидан фахрланди.
У таэквондодан воз кечиб, футбол билан шуғулланишга астойдил бел боғлаганди
Улуғбек Рашидов 2002 йили 23 мартда Тошкент шаҳрида туғилган. 6 ёшидан таэквондо билан мунтазам шуғулланади. Болалигидан турли фильм қаҳрамонларига тақлид қилаётганини кузатган дадаси Исомиддин ака ўғлини етаклаб, таэквондо машғулотларига олиб боради. Улуғбек йиллар давомида мураббийи Павел Хан қўлида тобланди, чиниқди. Шундай кезлар ҳам бўлдики, таэквондодан воз кечиб, у футбол билан шуғулланишга астойдил бел боғлади. 1-2 марта футбол машғулотларига ҳам қатнади. Бироқ барибир таэквондо устунлик қилди. Қолаверса, мураббийнинг қаттиққўллиги ҳамда онасининг назорати унинг бошқа спорт турини танлашига имкон қолдирмади.
2017 йилдан ёш йигитчанинг халқаро майдондаги муваффақиятлари бошланди
Улуғбек 2014 йил кадетлар ўртасида мамлакат чемпионатида ғалаба қозониб, ушбу тоифада терма жамоа таркибига қабул қилинди.
2017 йилдан спортчининг халқаро майдондаги муваффақиятлари бошланди. 2018 йил Тунисда ўтган ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида у учинчи ўринни эгаллади. Бу унга Аргентинада ўтган ўсмирлар олимпия ўйинларида иштирок этиш имконини тақдим қилди. Кичик олимпиадада кумуш медални қўлга киритди. 2019 йил Иорданияда ўтган ўсмирлар ўртасидаги Осиё чемпионати, кейинчалик Хитой мезбонлик қилган Бутунжаҳон ҳарбийлар ўйинлари ғолибига айланди.
Ниҳоят Улуғбек олимпиада чемпиони!
Улуғбек жорий йил май ойида Иорданияда ўтган лицензион турнир орқали 68 кг. вазн тоифасида Токио олимпия ўйинлари йўлланмасини қўлга киритди. Муросасиз жанглардан сўнг, ниҳоят, йиллар давомида тинимсиз қилинган меҳнат ва ҳаракат самара берди: Улуғбек олимпиада чемпионига айланди. Олимпия ўйинлари тарихида таэквондо йўналиши бўйича олтин медалга сазовор бўлган илк ўзбекистонлик спортчи сифатида тарихга кирди.
Бу билан у Ватанимиз мустақиллигининг шонли 30 йиллик байрамига муносиб туҳфа ҳозирлади.
— Улуғбек Ўзбекистон миллий университетининг 1-босқичини тамомлади, — дейди унинг гуруҳ раҳбари Лазиз Пўлатов. — Улуғбекнинг бу ютуғидан кўксимда ҳақиқий фахр туйғусини ҳис этдим. Финалдагии жангини факультетимиздаги барча устозлар билан бирга томоша қилдик. Унинг ғалабасидан сўнг барчамиз бақириб юбордик. Кўзимизга қувонч ёшлари қалқиди. Улуғбек Рашидовнинг чемпион бўлишида, аввало, меҳнатсеварлиги ва ўзига бўлган ишончнинг кучлилигида, шунингдек, устози Павел Ханнинг мураббийлик тажрибасида деб биламан. У доим биринчи бўлишга интилади. Мана, кўзлаган мақсадига эришди.
Ўзбек спортида янги тарих
Улуғбек 1/16 финалда малилик Сейду Мофанани 38:17 ҳисобида мағлуб этди. Ўзбекистонлик спортчи чорак финал йўлланмаси учун жангда 3 карра жаҳон чемпиони, Олимпия ўйинларининг 2 карра совриндори, ушбу вазн тоифасининг биринчи рақамли спортчиси жанубий кореялик Ли Де Ҳун билан асосий вақтда 19:19 ҳисобида қайд этди. Баҳс тақдирини ҳал қилган «Олтин зарба»да Рашидов 2 очко қўлга киритиб, чорак финалга йўл олди. Рашидов 1/4 финалда эронлик Мирҳошим Ҳуссаинини 34:22 ҳисобида енгди. Рашидов ярим финалда Босния ва Герцеговина вакили Недзад Ҳушични 28:5 ҳисобида енгиб, Ўзбекистон учун дастлабки медални нақд қилганди. Финалда эса уч раунд якунига кўра Бредли Синденни 32:29 ҳисобида мағлуб этди.
— Улуғбек билан 8-9 йилдан бери машғулотларга бирга қатнаймиз., —дейди, чемпионнинг дўсти Ҳожиакбар Зокиров. — У ҳар бир мусобақага ўзгача масъулият билан тайёргарлик кўради. Рақибларининг устун томонлари ва камчиликларини синчиклаб ўрганади. Улуғбекнинг жангини кузатар эканман, ўзимни унинг олдида — жанг саҳнасида тургандек ҳис этдим. Ғалабасидан қувондим. Унга чин дилдан ҳавас қилдим.
Ёш спортчининг бу ғалабаси энг улуғ, энг азиз байрамимизга ажойиб совға бўлиш билан бирга, ёшларга катта шижоат бағишлаб, уларни янада улкан зафарлар сари руҳлантириши шубҳасиз. Ҳали не-не ёшлар бу спорт тури атрофида бирлашади, Ўзбекистон довруғини оламга ёяди.
СЎЗ ЧЕМПИОНГА!
— Бугунги кунда дунёдаги энг бахтли инсонлардан бириман, - дейди чемпионимиз Улуғбек Рашидов. Ҳаяжонларимни ҳалигача жиловлай олмаяпман. Мусобақадаги иккинчи рақибим 3 карра жаҳон чемпиони кореялик спортчига ёшлигимдан ҳавас қилиб келардим. Мунтазам равишда унинг жангларини кузатиб борардим. Уни ютганимдан сўнг Олимпияда чемпиони бўлиш хоҳиши янада ортди. Ғалабани қўлга киритишимда ўзининг катта ёрдамини берган барча-барча яқинларимга ўз миннатдорчилигимни билдираман.