АсосийСИËСАТ

Сиёсий партияларнинг ваколатли вакиллари рўйхатга олинди

Бугун, 29 июль куни Марказий сайлов комиссиясининг видеоконференц алоқа шаклида навбатдаги...

'Сиёсий партияларнинг ваколатли вакиллари рўйхатга олинди'ning rasmi

Бугун, 29 июль куни Марказий сайлов комиссиясининг видеоконференц алоқа шаклида навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда Марказий сайлов комиссияси аъзолари ҳамда ОАВ вакиллари қатнашди.

Мажлисни Марказий сайлов комиссияси раиси З.Низамходжаев олиб борди. 

Хабарингиз бор, 2021 йил 23 июль куни Марказий сайлов комиссияси томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бўйича сайлов кампанияси бошланишини эълон қилиш тўғрисида қарор қабул қилинди. Шундан сўнг мамлакатимиз сиёсий майдонида фаолият олиб бораётган бешта сиёсий партия раҳбарлари ўз ваколатли вакилларини тайинлаб, уларни рўйхатдан ўтказиш учун Марказий сайлов комиссиясига мурожаат этди ва тегишли ҳужжатларни тақдим қилди.

Қайд этилишича, Сайлов кодексининг 34-моддасига кўра, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар, Қонунчилик палатаси депутатлигига номзодлар, маҳаллий Кенгашлар депутатлигига номзодлар кўрсатган сиёсий партия сайлов комиссиясининг мажлисларида, ҳужжатларни топширишда, имзо варақалари тўғри тўлдирилганлигини текширишда, сайлов участкасида овозларни санаб чиқишда иштирок этиш учун ваколатли вакил тайинлашга ҳақли.

Марказий сайлов комиссиясининг 2019 йил 11 сентябрдаги 935-сонли қарори билан Сиёсий партиянинг ваколатли вакили тўғрисида низом тасдиқланган. Мазкур Низомга мувофиқ, Марказий сайлов комиссиясининг мажлисларида, ҳужжатларни топширишда, имзо варақалари тўғри тўлдирилганлигини текширишда иштирок этиш учун сиёсий партия юқори органининг раҳбари сайлов кампанияси бошланганлиги расман эълон қилинган кундан бошлаб беш кунлик муддатда ўз ваколатли вакилини тайинлайди ҳамда уни рўйхатдан ўтказиш учун Марказий сайлов комиссиясига тегишли ҳужжатларни тақдим этади. Марказий сайлов комиссияси, ўз навбатида, сиёсий партия томонидан тавсия этилган ваколатли вакил номзодига тегишли ҳужжатларни кўриб чиқиб, уч кунлик муддатда уни рўйхатга олади ва унга белгиланган шаклда мандат беради.

Шунга кўра, Марказий сайлов комиссияси Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон либерал-демократик партияси, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси, Ўзбекистон Халқ демократик партияси ҳамда Ўзбекистон Экологик партияси раҳбарлари тавсия этган ваколатли вакилларга тегишли ҳужжатларни кўриб чиқиб, ваколатли вакилларни рўйхатга олиш ҳамда уларга белгиланган шаклдаги гувоҳнома (мандат)ни бериш ҳақида қарор қабул қилди.

Тадбирда Марказий сайлов комиссияси томонидан сиёсий партияларнинг ваколатли вакилларига уларнинг рўйхатга олинганлиги ҳақида гувоҳномалар (мандат) топширилди.

Унга кўра:

ЯКУБОВ Бахтиёр Султанназирович – Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг;

МАМАТХОНОВ Баҳодиржон Мўллажон ўғли – Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг;

РАҲМОНОВ Абдукамол Шодиевич – Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг;

САНГИНОВ Саидрасул Саидакпарович – Ўзбекистон Экологик партиясининг;

ВАФОЕВ Улуғбек Назарович – Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг ваколатли вакили сифатида гувоҳномаларни қабул қилиб олди. 

Маълумот учун: сиёсий партия ваколатли вакилининг ваколат муддати сайлов якунлари тўғрисидаги ахборот матбуотда эълон қилинган кундан эътиборан тугаган ҳисобланади.

 

 

                                                                                                                                                                                                                                    Фарида ЭГАМБЕРДИЕВА

 

    Бошқа янгиликлар