Бугун, 29 июль куни Олий Мажлис Сенати Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси ҳамда Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси томонидан “Аҳоли бандлигини таъминлаш ҳамда тадбиркорлик кўникмаларини шакллантиришда нодавлат таълим ташкилотларининг ўрни ва истиқболлари” мавзусида давра суҳбати ўтказилди. Унда сенаторлар, қўмиталар эксперт гуруҳлари аъзолари, вазирлик ва идоралар, нодавлат ва нотижорат ташкилотлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Қайд этилганидек, мамлакатимизда аҳоли бандлигини таъминлаш ҳамда тадбиркорлик кўникмаларини шакллантиришда нодавлат таълим ташкилотларининг ўрнини мустаҳкамлаш, нодавлат таълим муассасалари фаолиятини давлат томонидан қўллаб-қувватлашга қаратилган норматив-ҳуқуқий база яратилган.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 13 октябрдаги “Аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш тизимини такомиллаштириш ва тадбиркорликни ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори белгиланган топшириқлар ижросини таъминлаш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилган.

Ушбу Қарорга мувофиқ, тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилган 3 босқичдан иборат тизим яратилган. Жумладан, мотивация бериш, ўқитиш ва кредитлашнинг замонавий ва самарали тизими ишлаб чиқилган.
Хусусан, Бизнес ва тадбиркорлик олий мактаби томонидан жами 171 та ўқув курси ташкил этилган ҳамда 3046 нафар тингловчи ўқув курсларига жалб этилган. Уларнинг 2125 нафари ўқув курслари якунида сертификатлар билан тақдирланган. Ўқув курсларида қатнашган тингловчиларнинг 1 002 нафарини ёшлар, 1 865 нафарини аёллар ташкил этади. Ўқув курсларига “Аёллар дафтари”га киритилган 773 нафар хотин-қизлар қатнашиб, 489 нафари Олий мактаб томонидан ўқув курсларини муваффақиятли якунлаганлиги сабабли сертификат билан тақдирланди. Шунингдек, “Ёшлар дафтари”га киритилган 1 158 нафар тингловчидан 926 нафари Олий мактаб томонидан ўқув курсларини муваффақиятли якунлаганлиги сабабли сертификат билан тақдирланди.

Бундан ташқари, давра суҳбатида сенаторлар томонидан нодавлат таълим муассасаларида касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитилган ёшлар ва хотин-қизларни ўқитиш харажатлари давлат томонидан компенсация қилиш белгиланган бўлса-да, Ҳукумат томонидан тегишли тартиб ишлаб чиқилмаганлиги, шунингдек, аҳолини касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитиш дастурларида иштирок этувчи нодавлат таълим ташкилотлари электрон реестри ҳанузгача шакллантирилмаганлиги, таълим сифатини кўтариш ва давлат мактабларидан ортиқча юкламани олиш мақсадида хусусий мактабларни қўллаб-қувватлаш етарли эмаслиги танқид остига олинди.

Қайд этилган муаммо ва камчиликларни таҳлил этиш асосида давра суҳбати иштирокчилари томонидан нодавлат таълим муассасаларини қўллаб-қувватлаш орқали аҳолини таълим олишга кенг жалб қилиш мақсадида тегишли таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.






